Олигарх ва чўнтакларга бир триллион субсидия
Ўтган ҳафтада тармоқларда иловада кўрсатилган жадвал айлантирилди.
Жадвалдан келиб чиқилса, Ўзбекистонда ўн мингта истеъмолчи йилига 2 269 млн.квт.соат электр истеъмол қилишини кўрасиз. Энергетика вазири айтгандек, 1 квт.соат электр энергиясининг таннархи ростанам 800 сўм бўлса, демак шу 10 000 сарой эгалари учун 1,1 трлн сўм субсидияланмоқда. Бюджетдан. Сиз ва бизнинг ҳисобимиздан.
Ким бу 10000 истеъмолчи? Кимларга тегишли 4 минг қасрда ойига ўртача 31 минг квт.соат электр ишлатилади. Қайси 6 минг корчалоннинг саройлари ойига ўртача 11 минг квт.соат электр ейди?
Ким улар?
Ишончим комилки, улар Ўзбекистонни мўр-малахдей босган ўғри олигархлар, шу олигархларнинг шотирлари, давлат арбобими ё бизнесменми ажратиш қийин бўлган турли вазир ва ҳокимлар ва албатта чўнтаклар.
Яна табақалаштирган тариф ечим деб бошингизни қотирмоқчи эмасман. Бу гапларни сийқаси чиқиб кетди.
Ким ва қайси куч шу саройларда яшаётган 10 минг истеъмолчини гигант миқёсда электр истеъмол қилаётганини ҳисобга олиб, уларни саноат/тижорий истеъмолчи деб топишга халақит бераяпти?
Бу қийин эмас. Уларнинг ким эканини Энергетика вазирлигиям жуда яхши билади. Солиқ қўмитасиям билади. Қаср ва саройларнинг эгалариниям танишади. Қаср ва Саройларнинг манзиллариниям билишади. Барча белгиларига кўра бу қаср ва саройда яшовчилар чакана эмас, саноат истеъмолчиси ва ўз ўзидан 295 сўмдан эмас, 900 сўмдан тўлаши керак.
Хўп, қайтараман, бундай тадбир қўллашга, тутишга ким ва қайси куч тўсқин?
Агар камбағал ўзбекистонлик мигрант қўшни Қозоғистондан иккита телевизор олиб ўтса, у тижорий мақсадда келтирилаяпти деб акт тузишади. Агар талаба номига почта орқали иккита ноутбук келса, дарҳол бу жўнатманинг тижорий белгиларини сизга тушунтириб беришади. Каррасига бож ва йиғимларни қуртлай санаб олишади. Чунки булар қора халқда.
Лекин нега ўнминглаб, юзминглаб квт.соат электр ишлатадиганларга шундай мезонларни ишлата олишмайди? Чунки этини тирноғидан ажратиб бўлмас бўлиб чатишиб кетишган, қайси бармоғини ушласа ўшаниси оғрийди, Бегонаси йўқ. Қолмаган.