"Шарқ" каби активлар олдиндан тайинланган "эгаси" билан келишилмаса, аукционга чиқарилмайди
Янги Ўзбекистонда "хусусийлаштириш" жараёнларининг ўзига яраша ёпиқ анъаналари мавжуд. Бу давлат назоратидаги йирик корхоналарнинг "хусусийлаштирилиши" бўладими (цемент, нефть, кимё заводлари масалан) ё бино-иншоотлардан иборат йирик активлар бўладими, аввал янги эгаси ким бўлиши келишилади, манфаатдорлар билан барча норасмий шартлар белгилаб олинади, тўлов схемалари чизилади (одатда, активлар учун жонли пул тўланмайди, сиздан угина, биздан бугина қоидалари бўйича қўл ташланади). Яъни росмана савдо аукциондан аввал якунланади, аукцион эса футболдаги келишилган ўйин каби спарринг партнерлар иштирокидаги формаллик касб этади холос.
Шарқнинг "хусусийлаштирилиши" билан ҳам худди шу ўлчовлар доирасидан чиқилмаган. Зийрак ўқувчилар Шарқнинг қай манзилга ихтиерий-мажбурий кўчирилаётганидан келиб чиқиб ҳам Шарқнинг янги эгаси ким бўлишини ва схема қандай чизилганини уч уринишда топа олган бўлардилар.
Маданий мерос агентлигининг хусусийлаштирилаётган бино маданий мерос объекти экани ва хусусийлаштириш мумкин эмаслиги ҳақидаги огоҳлантириши эса, келишувларда ўнг қўл билан келишиб, чап қўл билан келишув эсдан чиққанини англатади холос. Энди чап қўл билан музокаралар ўтказилиши ва чап қўлнинг ҳам хоҳишларини инобатга олиб шартлар бироз ўзгариши керак бўлади.
Ишонинг, бу воқеликларда давактив ҳам, маданий мерос агентлиги ҳам "фас" деганда оёқни қўлга олиб чопадиган ижрочилар, ундан ортиғи эмас.
Шунчаки шунақа ёпиқ кабинетлардаги келишувлардаги "хусусийлаштириш" орқали активларни бўлишаётганлар билишлари керакки, вақти келиб буларнинг ҳаммаси қайта кўриб чиқилади. Схемаларда ютқазадиган кимдир бўлса, бу айнан сизларсизлар. Шахсан мен охирги 20 йилда уч марта қайта тортиб олинган "хусусийлаштирилган" активларни биламан. Ҳеч ким, ҳеч нарса унутилмайди.