30K183Telegramda ochish
Ўзбекча "хусусийлаштириш"нинг бюджетга бераётган чойчақалари ҳақида Ўзбекча "хусусийлаштириш" нафақат самарали бўлмаган ва эртага мулк ҳуқуқи шубҳа остига олинадиган, "муттаҳам" ёрлиқли мулкдорларни яратади, балки илма-тешик бўлиб ётган бюджетимиздаги оғирликни ҳам енгиллаштирмайди. Чунки хусусийлаштириш схемалари шаффоф эмас, йирик активларни сотишдан жонли пул деярли келиб тушмайди. Олигархлар ва чўнтаклар назоратига схемалар воситасида ўтаётган активлар учун эса бюджет амалда ҳеч нарса олмайди. 2023 йилнинг ўтган 6 ойида Ўзбекистон бюджетига хусусийлаширишдан жами 1,8 трлн.сўм ёки 150 млн.доллар атрофида маблағ келиб тушган (давлат активларини хусусийлаштиришдан маҳаллий бюджетларга тушумлар – 0,3 трлн сўм, Давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган тушумлар ҳисобидан 1,5 трлн сўм). Энди 2023 йилда хусусийлаштирилгани ва сотилгани эълон қилинган айрим активлар қийматига қаранг (эсимга тушгани): UzAuto TRAILER 561,1 млрд.сўм. Фарғонаазот 140 миллион доллар. “Ипотека банк” 324 миллион доллар. Бундан ташқари, ”E-Auksion” электрон савдо платформаси орқали ўтган 6 ойда камида 1,9 трлн.сўмлик активлар, 400 млрд.сўмга яқин ер майдонлари сотилган. Мен Татнефтьга совға қилинган 200 миллион долларлик Резинотехника заводи ёки 4 млрд.долларлик GTL заводнинг 1 млрд.долларга "сотилган" технологик юрагини айтмаяпман. Уларнинг ҳисобиям, ўлчовиям қолмаган, ҳаммаси қарз ва ўзаро мажбуриятлар ўрнига ўтган. Энди ўзингиз "сотилди" деб эълон қилинган активларнинг қийматини ва бюджетга тушаётган пулларни солиштириб кўринг. Тўртдан бири тушяптими ё ўндан бирими? Белгиланган тартибга мувофиқ, Давлат активларини реализация қилишдан олинган маблағларнинг 90-95% гача қиймати бюджетга тушиши керак, қолган 5-10% маблағ эса Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасида тўпланади (бу жамғармага кирим ва чиқимлар пайдо бўлганидан буён тақа тақ ёпиқ). Сиз бирон марта хусусийлаштирилган активлар ва объектлар қирқимида шаффоф ва ҳисобдорлик принциплари асосида қанчага сотилди. қанчаси жонли пул, қанчаси ўзаро қарздорлик ҳисобига ёпилди, қанча жонли пул бюджетга ўтди, қанча Жамғармада қолди кўринишида очиқ, ўзаро балансли ва узвий ҳисоботга кўзингиз тушдими? Тушмайдиям, Чунки бундай ҳисобот ўзбекча "хусусийлаштириш" асл моҳиятини ва мутлақо адолатсиз мундарижасини очиб қўяди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin