Хусусийлаштириш ва ер сотишдан 11,8 трлн.сўм тушади, шундан 1,2 трлн.сўм бир йўла тўловларга кетади!
2024 йилда Ўзбекистон давлат активларини (корхоналар, хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги акциялар, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ ва давлат мулки ҳисобланадиган бошқа мулкларни) реализация қилишдан 11,8 трлн.сўм тушумга эришмоқчи. Шундан, 10 трлн.сўми давлат активларини хусусийлаштиришдан бўлиши кўзланган. Айнан қайси йирик активлар ҳисобига мазкур мақсадли кўрсаткичга эришилиши очиқланмаган.
Бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига келиб тушган маблағларнинг 10,3 трлн.сўми бюджетга ўтказилиши белгиланган. Жамғармадан бир йўла тўловлар 1,2 трлн.сўмни ташкил этади (2023 йилга нисбатан 8 баробар кўп). Бир йўла тўловлар мундарижаси хусусийлаштириш жараёнида иштирок этувчилар, ёлланган аудиторлар, ҳуқуқий ва молиявий консультантлар учун харажатларни ўз ичига оладими, йўқми, агар олса, харажатларнинг каррасига ўсиши сабаблари изоҳланиши керак.
Яна бир эътиборли ўсиш бошқа харажатлар билан боғлиқ. 2024 йилда Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасининг бошқа харажатлари қарийб 4 баробарга ўсади ва 110,0 млрд.сўмга етади.
Солиштириш учун аёлларнинг ҳомиладорлик нафақа пулини бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаш билан боғлиқ харажатлар 100 млрд.сўмни ташкил этади.
Ўзбек чиновниклари ўзини севишни шу жамғармадан ўрганишлари керак!
Маълумот учун, 2023 йилнинг 6 ойида Ўзбекистон бюджетига хусусийлаширишдан жами 1,8 трлн.сўм ёки 150 млн.доллар атрофида маблағ келиб тушган ва ушбу рақамлар сотилгани эълон қилинган активлар билан боғлиқ қийматларни ифода этмайди.