Кам таъминланганларга нафақа тайинлашда фақатгина бир марта текширув ўтказиб, қолган 12 ой даврда нафақа олувчиларнинг аҳволида ўзгаришларни кузатмай ташлаб қўйилмоқда. Ахир бир йил ичида қанча ўзгаришлар юзага келиши мумкин ва оиланинг шароити сезиларли даражада яхшиланиши ҳолатлари ҳам кам эмас.
Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида бу масала юзасидан бир неча ечимлар таклиф этилган.
Биринчидан, оиланинг иқтисодий аҳволи электрон тизим орқали ҳар ойда қайта текширилиши таклиф этилган. Энди иқтисодий ҳолати яхшиланган оилаларга нафақаларни тўлаш тўхтатилади.
Иккинчидан, “маҳалла еттилиги” томонидан ижтимоий нафақа олувчи оилаларнинг йирик мол-мулклари (нотурар жойлари, транспорт ва ер майдонлари) ўрганилиб, натижалари дастурга киритилади. Нафақа тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича Ахборот тизими автоматик қарор қабул қилади.
Учинчидан, фуқароларни банд бўлишга рағбатлантирувчи мезон сифатида нафақа дастлаб 3 ойга тайинланади. Оиланинг “маслахат” олган ишсиз аъзоси 3 ой ичида ишга жойлашиши, малакаси етарли бўлмаганда малакасини ошириш курсларига бориши ёки норасмий бандлигини расмийлаштириши керак бўлади. Акс ҳолда, нафақа тўлови тўхтатилади.
Ўзгаришлар киритилиши натижасида давлат ёрдами ҳақиқий муҳтожларга ҳамда ижтимоий ҳимоянинг бошқа мақсадларига йўналтирилиши керак.