21K75Telegramda ochish
Кластерлар ва фермерларнинг бир банкка боғланганлиги молиявий ва маъмурий хатарлар яратади Кечаги йиғилишда Давлат раҳбари томонидан кластер ва фермерларни молиялаштиришнинг янги тартибини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. Чунки пахта етиштириш учун кредитларнинг тўғридан-тўғри фермерларга ажратилиши 2018 йилдан бери амал қилиб келаётган қоидаларга жиддий ўзгартиришлар киритишни талаб этади. Янги тартиб қандай принциплар асосида шакллантирилади, бир нарса дейиш қийин. Лекин имкон қадар маъмурий бошқарувдан қочиб, шарт ва нархларда бозорга яқинлашиш йўлидан юрилса, бундан ҳамма ютарди. Биринчидан, пахта етиштирувчи кластер ва фермерларни ихтиёрий мажбурий равишда бир банкка, Агробанкка боғлаш тажрибасидан воз кечиш керак. Очиғини айтиш керак, бундай колхоз практика фақат ҳокимлар учун ишлайди. Агробанк бошқарувчиси, фермерлар ва кластерларни чақириб, кредит пулини фалон чўнтакка сур, дейишга қулай бу тизим. Иккинчидан, Агробанк устав капиталини 2,6 трлн.сўмга оширилиши кифоя қилмайди (айтишларича, бу жонли пул бўлмайди, ҳукуматнинг кредит линиялари акцияларга конвертация қилинади). Чунки 130 та кластерни кредитлаш билан 35 минг фермерни кредитлаш хатарлари кўлами, харажатлари ва йўқотишларини солиштириб бўлмайди. Давлат ҳар йили триллионлаб пулни банк капиталига тикишда узлуксиз давом эта олмайди. Капиталга пул тикилмаса, Агробанкни қутқариш учун ҳашар бошланади. Учинчидан, пахта етиштиришни кредитлаш учун мақсадли ресурсларда тижорат банкларининг маржасини ошириш керак. Шунда, нафақат бошқа давлат банкларида, хусусий банкларда ҳам агент ўлароқ дастурда қатнашишга рағбат пайдо бўлади. Нега ипотека дастури, таълим кредитлари дастурида ўнлаб банклар, хусусий банклар ҳам иштирок этади? Чунки уларда манфаатдорлик бор. Табиийки, муаммоли кредитлар ва йўқотишлар ҳам жуда кам. Манфаатдорлик бор жойда масъулият ҳам кучаяди. Демак, пахта етиштиришни молиялашда нафақат Агробанк, бошқа банклар ҳам иштирок этиши мумкин бўлиши зарур. Юқори маржа уларни дастурга албатта жалб қилади. Агар шу қадамлар янги тартибда акс этса, Агробанкдаги кластерлар ва фермерларнинг юқори даражадаги хавфли концентрацияси ҳам аста секин емирила бошлайди. Энг муҳими, турли банкларни танлаган фермер ва кластернинг банк ҳисобварағи ҳокимларнинг зўравон қўлларидан узоқда бўлади. Маъмурий бошбошдоқлик, ўғирлик, ўзбошимчалик камаяди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin