Ҳокимият ва маҳалла орасидаги "кўричак"
Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг электрон имзоларини қўлга киритиб, уларнинг номига иссиқхона фаолияти ташкил этиш учун 4 маротаба 33 млн. сўмдан жами 132 млн. сўм кредит ажратилишига эришиб, ушбу пулларни ўзи раҳбарлик қилаётган жамият ҳисобига тушириб, ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Google'да ўзбек ё рус тилида "ҳоким ёрдамчиси ушланди" деб ёзсангиз ўнлаб, балки юзлаб криминал ҳаволаларга рўпара бўласиз. Бунёдга келишганидан буён Коррупцион "хит-парадлар"ни ҳоким ёрдамчилари ҳеч кимга бермай бошқариб келишмоқда.
Афсуски, тўқ йилларда ура-ура билан ташкил этилган ушбу бюрократик армия нима натижа кўрсатди, деб ҳеч ким савол қўйгани йўқ. Ҳа, икки, уч йил олдин ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти, захиралари ҳар йили қўшимча урчитиладиган ўнминглаб коррупцион чиновникларни боқа оларди. Улар қўшилган қиймат яратиши ёки иқтисодий самара кўрсатиши шарт эмасди. Ҳозир захираларимиз таги кўриниб қолган, иқтисодий имкониятлар ҳам анча чекланган.
Бунинг устига, ҳоким ёрдамчиларига кафолатланган уй-жой субсидиялари, компенсациялар етарли бўлмаган шекилли, яқинда бир тўпи чиқиб, энди имтиёзли автокредит ҳам талаб қилишни бошлашди. Шу кетишда алоҳида давлат пенсиясини талаб қилишга ўтишади.
2024 йилда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантиришга бюджетдан 160,2 млрд.сўм ажратилиши белгиланган. Бу уларга етарли бўлармикан? Солиштириш учун, айтайлик, онкология ёрдами учун 151,3 млрд.сўм ажратилади.
Жамият ўлароқ, ўзимизга ўзимиз савол беришимиз керак. Ер, имтиёзли кредит ажратишдан таъминотчиларни танлашгача ҳокимларнинг ўртамчисига айланган ёрдамчилар юқоридаги каби ўзларига боғлаб берилган ҳудудларни талашда, талагандаям энг муҳтожларни чув туширишда давом этиши биз учун энди нормами? Норма бўлса, келган жойидан давом этавериш керак.
Норма эмас, дегувчилар кўпроқ бўлса, ҳурматли қарор қабул қилувчилар, ўйлаб кўринг, Ҳокимият ва маҳалла ўртасидаги шу "кўричак" кесиб ташланса, нима ютқазамиз?
- https://t.me/Surxondaryoviloyatiprokuraturasi/3137@Surxondaryoviloyatiprokuraturasi
- https://t.me/the_bakiroo/4118@the_bakiroo
- https://t.me/bankirkundaligi/6986@bankirkundaligi
- https://api.mf.uz/media/filestore/%D2%9A%D0%BE%D0%BD%D1%83%D0%BD_%D0%B8%D0%BB%D0%BE%D0%B2%D0%B0%D0%BB%D0%B0%D1%80%D0%B8_merged.pdfmf.uz