"Иблис масаланинг икир-чикирида яширинади"
Кечаги қарор билан аллақачон тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари ўзлари қилиши керак бўлган қатор чекловлар марказлаштирилган тартибда жорий қилиниши белгиланмоқда.
Хусусан, Марказий банк:
тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар содир этилганда, банк карталари, банк ҳисобварақлари ва мобил иловалардаги ҳисобварақлардан фойдаланишни уч кунгача муддатга вақтинча чеклаш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар бериш ваколатига эга бўлади;
кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш, банк карталаридан фойдаланишни ҳамда жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини (p2p-ўтказмалар) биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш механизмларини жорий этади.
Энди ҳамма гап мана шу ва бошқа механизмлар қандай қоидалар ва мезонлар асосида ишлаб чиқилишида. Олдинги ва жорий тажрибаларимиздан маълумки, марказлашган қоидалар кўпинча кенг муҳокама ва ўрганишларсиз ишга туширилади, натижада фирибгар ва спекулянтлар бир четда қолиб қонунга итоат этувчи соғлом мижозлар жавр кўришни бошлайди.
Шу маънода деталлар жуда муҳим. Нимадан воз кечиб, нимага эришмоқчи эканимизни (шартли равишда эркинликнинг бир қисмидан воз кечиш эвазига хавфсизлик) аниқ-тиник белгилаб олишда нафақат Марказий банк, барча манфаатдор томонлар иштирок этиши керак.
Тўғри ўрталиқ танланмаса эртага эркинликдан ҳам, хавфсизликдан ҳам мосуво бўлиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас.