Олтин ва мисдан келадиган супердаромадларни бугун ишлатиш тўғрими?
Бугун эрта тонгда бир унция олтиннинг нархи 2135 долларгача кўтарилди. Бу уч кун аввалги тарихий максимумнинг яна бир бор янгиланиши.
Қаттиқлик сиёсатининг юмшатилиши кутилмалари, кучайиб бораётган геосиёсий хатарлар бир муддат олтин нархларини юқори позицияларда ушлаб туриши мумкин. Лекин бу узоқ муддат давом этмайди.
Ўзбекистон 2017 йилдан буён асосий экспорт маҳсулотлари, хусусан олтин бўйича бугун топилган даромадларни бугун тўлиқ ишлатиш принципи асосида ишлаб келмоқда. Унгача супердаромадлар сарфланмаган, жамғариб борилган.
Олтиннинг 2135 долларга етгани бу Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорроқ ёки рақобатлироқ бўлиб қолди, дегани эмас. Яъни ҳар унциясига 300-400 доллар супердаромадни биз самаралироқ бўлиб қолганимиз учун топаётганимиз йўқ. Амалда йўқ жойдан, қулай конъюнктура Ўзбекистонга бир неча юз миллион долларлик қўшимча даромадларни совға қилмоқда.
Бундай даромадлар бугуннинг ўзидаёқ ишлатилиши эмас, қора кунга (олтин нархлари тушиб кетиши, ички ва ташқи акстаъсирлар, геосиёсий қарама-қаршиликлар ва бошқа "қора оққуш" ҳодисалари) жамғарилиши керак.
Энг ёмони, ҳар гал олтин нархлари кўтарилганида қарор қабул қилувчиларимизда иқтисодий самарасиз ва қиймати шиширилган янги ва янги зарарли лойиҳаларни ўйлаб топишга ва супердаромадларни ўзлаштиришга "васваса" пайдо бўлади. Жамиятимизда ҳали бундай қиммат хатоларни тийиб турадиган институтлар, афсуски, ҳали йўқ.
Хуллас, бизга эҳтиёткорлик консенсусини ўз ичида жамлаган янги иродали ечимлар керак.