"Семиртириб сўямиз"
Ўзбек банк тизимига эски замонда урф бўлган яна бир касаллик қайтди. У ҳам бўлса, маъмурий таъсир, ваколат ва воситалар билан банкни шишириб, семиртириш. Якунда бундай банклар энг яхши ҳолатда қайсидир тентак инвесторга маъмурий ёрдам кўрсатишда давом этиш ваъдаси билан 5 карра нархда сотилади ёки қисқа муддатда фойдаси сўриб бўлингач, пуфакдек шишиб ёрилади.
Ярим йил аввал ҳатто тўловларни ўтказа олмаётган ва миллиардлаб зарарда ўтирган банк бирдан ўнмиллиардлаб фойда ва триллионлаб қолдиққа эга бўлиб қолиши мумкинми? Қандай қилиб на рейтинги, на молиявий репутацияси ва на бозорда ишончи йўқ бўлган банкка тўсатдан катта катта давлат компаниялари, бутун бошли молиявий сегментлар ўз ҳисобварақларини ўтказиши мумкин? Ё уларда комплаенс хизмати кўзини юмиб турмоқдами?
Бу банкка акциялари Лондон ё Нью-йорк биржаларида айланадиган хорижий инвесторлар кириб келдими? Йўқ. Бозорга Ўзбекистонда ўхшаши йўқ янги банк маҳсулотларини таклиф эта бошладими? Йўқ.
Унда бу мўъжизанинг сири нимада?
Бутун дунёда бозорнинг кўринмас қўли ишласа, бизда кабинетда ўтирган чиновникнинг кўринмас қўли мўъжиза яратади.
Кўринмас қўлнинг қўнғироқларига ва топшириқларига йўқ дейилмайди. Битта кичкина қоғозга ёзиб юборилган топшириқ билан катта катта компаниялар "ғинғ" демай икки баробар қиммат ва сифатсиз хизмат кўрсатадиган банкка пулларини ўтказа бошлайдилар. Нариги мижозидан айрилган банк, тўхтанглар, биз янаям арзонроқ хизмат кўрсатамиз деб ялинишиям бефойда. Ош пишган. Яна битта қўнғироқ билан бутун бошли молия сегментидаги барча компанияларга фақат шу банкда ишлаш мумкин, деган топшириқ етказилади. Йўқ дейилмайди, ахир ўзи шунақа ишларни олдини олиши керак бўлган ташкилотдан тушади бундай топшириқ. Энангни қози урса...
Албатта, ўзини ҳурмат қилган мустақил компаниялар ҳам, закий омонатчилар ҳам бундай банкларга яқин йўламайди. Кўчани айланиб ўтади. Чунки улар билишади "номинал акциядор ва номи улуғ валийнеъмат" моделида шиширилган банкнинг умри валийнеъматнинг номенклатурадаги умри тугаши билан тугайди. Ортидан қолса, чанг тўзон қолади. Ҳа, унгача шиширилган банк бир неча йил давомида турли ошхўр ва зарбоп тўнни яхши кўрадиган халқаро нашрлар ва ташкилотлар томонидан "Ўзбекистоннинг энг яхши банки" деб топилишгаям улгуради.
Тарих эса такрорланаверади.