Ҳаммаси бойлар ва амалдорлар учун: Камбағалларнинг бензинига кўпроқ, бойлар ва амалдорларнинг юқори октанли бензинига камроқ солиқ солиш методичкаси қайтмоқда
"Ҳаммаси бойлар ва амалдорлар учун тезиси" изчиллигига 2024 йилда ҳам сўзсиз амал қилинади.
Бу айниқса ёқилғига солиқ солишда яққол кўринади.
1 апрелдан бошлаб 80 бензин учун акциз солиғи тоннасига 303 минг сўмдан 340 минг сўмга етказилса, 91 ва ундан юқори октанли бензинга акциз солиғи ўзгаришсиз, 303 минг сўм даражасида қолади.
Худди шунингдек, Якуний истеъмолчига реализация қилишда солиқ 80 бензин бўйича тоннасига 565 минг сўмдан 633 минг сўмгача оширилади. 91 ва ундан юқори октанли бензин учун эса солиқ тоннасига 565 минг сўм даражасида, яъни ўзгаришсиз қолдирилади.
Сиз айтишингиз мумкин, буларнинг ҳаммаси импортчи ва ишлаб чиқарувчиларни шиптир 80дан воз кечиб, экологик тозароқ бензинга ўтишга рағбат бериш учун деб. Янглишасиз, агар шундай бўлганида, 91 бензиндан кўра экологик тозароқ ҳисобланган суюлтирилган газ ва сиқилган газ учун истеъмол солиғини оширишмаган бўларди. Биринчиси бўйича солиқ тоннасига 807,5 минг сўмдан 904 минг сўмгача, иккинчисида кубига 605 сўмдан 678 сўмга оширилмоқда.
Маълумот учун, ҳатто 3 йил аввал ҳам бойларнинг бензини камбағалларнинг 80 шиптиридан кўра кўпроқ солиққа тортиларди.
Қойилмисиз? Сиз ҳалиям Ўзбекистоннинг янги дейилаётган Конституциясида ёзилаётганидек ижтимоий давлат деб ўйлайсизми?
Ижтимоий дейилган давлатларда давлат бойлардан кўпроқ солиқ олиб, камбағалларга тақсимлайди. Тескариси, яъни камбағаллардан олиб бойлар фойдасига тақсимланадиган давлат қандай номланишиини мен билмайман.