Бой Тошкент бюджети харажатлари. Самарасизликнинг товони бюджетнинг бўғзига етган
Ривожланиш ва инсон сифатини яхшилаш учун тобора кам пул тақсимланмоқда. Ва бу, назаримда, тубнинг охири эмас.
Тошкент шаҳар бюджетининг 2024 йилдаги жами харажатлари 8 077,4 млрд.сўмни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Шу Бюджетнинг ярми самарасизликнинг намунасига айланган уч йўналиш иссиқлик таъминоти, транспорт ва ташқи қарзга йўналтирилади. Демак, бир бошдан.
Иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплашга 1 971,2 млрд.сўм йўналтирилади. Солиштириш учун 2023 йилда бу йўналишда қопланган зарарлар 1 604,2 млрд.сўм, 2022 йилда эса аввал 732,2 млрд.сўм, кейин Республика бюджетидан қўшимча 404,7 млрд.сўм ажратилган. Яъни тўлиқ бўлмаган 2 йилда харажатлар 73,3%га ошмоқда. 2024 йилдаги иссиқлик учун зарарни қоплашга кўзланган харажат охиргиси бўладими ёки йўқ, баҳордан бу ўғирликни кўпайтирадиган ярамас механизмдан воз кечиладими, деган саволга жавоб йўқ. Чунки кенгашда ҳокимга ноқулай савол берадиган вакилнинг ўзи йўқ.
2024 йилда Жамоат транспортининг брутто шартномаси асосида кўрсатиладиган хизматлар учун субсидиялар бўйича 1 триллион сўм, метрополитенда аҳолига чекланган тарифларда хизмат кўрсатиш натижасида кўриладиган зарарни қоплашга 575,7 млрд сўм, жами 1 575,7 млрд.сўм ажратилади. Бу 2023 йилдагидан 4,2 баробар кўп дегани. Айниқса метронинг зарарларини қоплашга йўналтирилаётган маблағларнинг бу қадар ўсгани саволли. Шунча зарар бўп туриб, яна метрода бепул йўлкира акциясини ўтказишганига ўласанми буларни! Эслаб қолингки, метронинг ҳар бир куни 1,6 млрд.сўм зарар келтирмоқда. Пойтахт транспортида тарифларни зарарни минималлаштиришни кўзда тутиб, қайта кўриб чиқишдек популистик бўлмаган қадамни ким қўяди? Ҳокимми? йўқ! Кенгашми? йўқ. Чунки улар сайланмаган.
Тошкент бу Ўзбекистоннинг кичик модели. Шу маънода олинган кредит ва қарзларга хизмат кўрсатиш тобора қимматлашиб бораверади. 2024 йилда пойтахт бюджетидан кредит ва қарзларни қайтаришга жами 480,4 млрд.сўм харажат қилинади. Бу ўтган йилдагидан 27.2% кўпроқ дегани.
2024 йилда пойтахт бюджетидан халқ бюджети дейиладиган Open budget учун кафолатланган маблағ ажратилмаган. 2023 йилда бунинг учун 285,9 млрд.сўм харажат кўзланган эди. Албатта кенгашда буни эслатадиган биронта вакил топилмаган. Кенгашда халқнинг биронта вакили йўқ бўлса, ким ҳам эслатарди?
Лекин ҳокимиятнинг севимли харажат моддалари бўлган Ободонлаштириш (544,6 млрд.сўм), Қурилиш ва реконструкция (412,4 млрд.сўм) ва лифт учун (143,2 млрд.сўм) харажатларнинг ортиғи билан кафолатлашни унутишмаган. Ахир бу пуллар мазмуни ва йўналиши бўйича ўнг чўнтакдан чап чўнтакка тушадиган энг ёқимли харажатларку.
- https://e-qaror.gov.uz/ru/doc/1608623gov.uz
- https://t.me/the_bakiroo/7534@the_bakiroo