Ўқитувчилар, шифокорлар ва наманганликларнинг маоши энг камлигича қолмоқда
2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда ўртача ойлик маош (қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесни инобатга олмаганда) 4 551,4 минг сўмни ташкил этган. Барча юридик шахсларни инобатга олганда ўртача ойлик маош бу кўрсаткичдан камида 20%га камроқ.
Ҳудудлар ўртасида энг кам маош Наманган вилоятида. Ўртача 3 310,5 минг сўм. Айтиш керакки, Наманган вилояти 5 йилдан бери Ўзбекистондаги маош энг кам бўлган ҳудуд ҳисобланади. Айни шу вилоятда яқинда ҳоким вилоят бюджетидан Навбаҳор футбол клуби учун 2.5 млрд.сўм маблағ ажратганди.
Энг юқори маошлар Тошкент шаҳрида. 7 453,4 минг сўм.
Ҳудулар ўртасидаги маошлар фарқи кескинлашишда давом этмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятидаги маошлар ўртасидаги фарқ ўтган 5 йилда 1,8 баробардан 2,3 баробаргача етган. Маҳаллийлаштириш корчалонларининг "биз вилоятларда иш ўринлари яратаяпмиз" деган ёрлиқ билан протекционизмга куч бераётгани ҳудудларда ёлланма ишчиларни ва одамларни бойитиб қўймаётганини статистикани ўзи кўрсатиб турипти.
Янаям катта табақаланиш тармоқлар орасида яққол кўринади. Энг кам маош соғлиқни сақлаш соҳасида 3 002,6 минг сўм. Кейин таълимда — 3 123,0 минг сўм. Энг юқори маошлар молия ва суғурта фаолиятда — 13 323,2 минг сўм.
5 йил аввал ўқитувчиларнинг маоши Республика бўйича ўртача маошнинг 79%ини ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 69%гача тушган. Яъни қолганларга нисбатан олганда, ўқитувчиларнинг иқтисодий ҳолати фақат ёмонлашган. Дўхтирларнинг ўртача маоши Республика бўйича ўртача маошнинг 66,0%и даражасида сақланиб турипти. Улар 5 йил аввал ҳам энг кам маош олувчилар эди, бу мақом 5 йил давомида ўзгаргани йўқ.