35K156Telegramda ochish
Lolazor дебат жойи эмас Мурод Муҳаммад Дўст таърифидан фойдалансак, Lolazor бу пиёда суҳбат. Подкастнинг бутун мундарижаси ўзаро суҳбатдан иборат, агар меҳмон ташриф буюрган бўлса, суҳбатда унинг сўзлари, хоҳишлари, мақсадлари ифодаланишига бор имкониятни яратиб бериш. Шу маънода Lolazor иштирокчилар бир-бирини мот қиладиган, сўзига қарши сўз айтадиган, тўхтатадиган, хатоларидан фойдаланиб қарши юриш қиладиган кимўзар дебат формати эмас. Шу жиҳат тайёргарлиги бўлмаган янги аудиторияга ҳали етказа олинмаган кўринади. Яна подкастга келганки меҳмон истак-талабларини айтади, айтайлик, фалон мавзуни гаплашмасак, пустон саволларни четга сурсак ёки съемкадаги анову гаплар чиқиб кетмасин, манову нозик жойларини кесиб ташласин каби. Меҳмон шунинг учун меҳмонки, унинг атои истакларига юрилади. Оёқ қўйилмайди, ҳатто мезбонларни очиқчасига дилгир қилиб турса ҳам. Меҳмон отангдек улуғ. Бу мезонлар меҳмонларимизга, хусусан охирги сонга ташриф буюрган Жаҳонгир Артикходжаевга ҳам тааллуқли эди. Яъни, Артикходжаев Lolazor резидентларига босим ўтказгани йўқ, қўрқитгани йўқ. Аввалдан келишув бўйича Артикходжаевнинг ҳокимлик даврига оид саволлар бўлмади. Балки шунинг учун саволлар айримларга ўтмасдек туюлган бўлиши мумкин, чунки у кишига жамоатчиликнинг энг кўп саволи айнан ҳокимлик давридаги қарорлари, ҳаракатлари ва амалларига оид. Яна бир гап шуки, бу подкастга резидентлар томонидан ҳеч қандай тайёргарлик кўрилгани йўқ. Шахсан менинг бутун фикр-у ҳаёлларим съемка бошланишидан ярим соат аввал ҳам ҳеч бир меҳмонсиз Бухоро маркази бузилишига ва туристик марказ қурилишига оид масалалар ҳақида суҳбат қуришга тайёргарлик билан банд эди. Тўсатдан бўлган таклиф ва бундай мақомдаги меҳмоннинг келиши барча режаларга ўзгартириш киритиб юборди. Саволларга келсак, мумкин бўлган доирада фақат Шарқ биноси ва унинг ёнидаги цехлар сотилиши, бундаги манфаатлар тўқнашувига оид савол қолиб кетди. Мен ўзим учун муҳим бўлган саволларни бера олдим, бу ўринда айтилган жавоблар ҳам, гарчи кўпи очиқ қолган бўлсада, Артикходжаевнинг кечаги монологи етарлича ахборот ва ишоралар ташийди. Шулардан энг биринчиси шуки, Артикходжаев янги даврдаги ўзбек иқтисодий моделининг яққол тимсоли. Бутун Экономикамизнинг маъно мазмуни шу модел ва шу каби тимсол атрофида жамланган. Иккинчидан, суҳбатдошимизнинг Пахтакор ва Технопаркка оид мисоллари охирги йилларда активлар устидан назорат, давлат мулки тақсимоти қарорлари қандай қабул қилинаетгани ва формал хусусийлаштириш қандай юз бераётганига аниқлик киритади. Учинчидан, ҳа, суҳбатдошимиз жамоатчилик, ОАВ ва медиани субъект деб билмаслиги янги янгилик бўлмади, самимий Артикходжаев аввал ҳам сўзи ва ҳаракатларида буни яширмаган. Унинг дунёсида, бу дунёда бошқа амалдорларимиз ҳам яшашда давом этишмоқда, улар халқдан кўра, ОАВдан кўра, медиадан кўра яхшироқ билишади гўё. Саналганлар мақсадга етиш йўлида ишлатиладиган воситалар холос. Шартли Муниса билан ОАВ ва медиани солиштирилиши, аудиториянинг чоғиштирилиши бежиз эмас. Уларнинг Левиафанида ОАВниям, Мунисаниям чақирса, буюртма қилса, сотиб олса бўлади. Ўзининг бу назарияларига чин дилдан ишонадиган суҳбатдошимизга эркин жамият қадриятлари ҳақида эслатиб, ҳеч қурса сўз эркинлиги ва пиар, фикр тарқатиш ва шоу фарқланишини тушунтиришга уриниб кўрган бўлармидингиз? Тўртинчидан, кўз ўнгимизда юз бераётган воқеалар, унчалик муваффақият қозонмаган реформалар, янги реформаларга нисбатан қўрқув ва ўта эҳтиёткорлик ижтимоий зеҳният талабларидаям ўзгаришлар ясамоқда. Бундай ўзгаришлар АҚШда ҳам, Венгрияда ҳам, Словакияда ҳам юз бермоқда. Артикходжаев феномени ўрни тўлдирилмаган макондаги шундай жараёнларнинг бир қисми. Бу менга ёқмайди, сизга ёқмаслиги мумкин. Лекин маълумот учун қабул қилишга, ижтимоийлашув чақириқларига реакция қилишда ҳисобга олишга тўғри келади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin