Маиший техника импортига нотариф чекловларни кучайтириш давом этади
2024 йил феврал ойидан бошлаб Ўзбекистонга олиб кириладиган совуткич, музлаткич ва кондиционерлар энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказила бошланди. Бу синов баённомасини олмасдан туриб, уларга мувофиқлик сертификати берилмайди ва товарни Ўзбекистонда сотиш мумкин бўлмайди.
Синов баённомасини олиш қимматга тушяпти, чунки энергосамарадорлик бўйича фақат битта корхона – “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузуридаги “Eltech-Lab” МЧЖ синов баённомасини бера олади. Тест натижалари чиқиши совуткич ва музлаткичлар учун 13 суткани, кондиционерлар учун эса 3-4 суткани ташкил қилади.
Маълум бўлишича, бир турдаги кондиционерни синовдан ўтказиш тўлови 3 млн 800 минг сўмни, совуткич эса 9 млн 700 минг сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, тадбиркор бир хил маркали маиший техника импорт қилса-да, ҳар бир партияда келган товар қайта ва қайта синовдан ўтказилиши керак.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг шўъбаси “Eltech-Lab” МЧЖ ҳозирда “Элтехсаноат” биноси ичида, лаборатория эса “Технопарк”да жойлашган.
2024 йилда “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига “Eltech-Lab” МЧЖда синов лабораториясини жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 25 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган.