Пойтахт аҳлининг овози ҳали ишлатилмай турипти
27 март ҳолатига, Ташаббусли бюджет бўйича лойиҳаларга жами 10 145,5 минг овоз берилган. Йиғилган овозларнинг 61 фоизидан ортиғи дастлабки 3 кунда тўпланган. Яъни, прогноз қилганимиздек, ким овоз йиғиш ҳаракатини эртароқ бошлаган бўлса, ўшаларнинг ғолиблиги эҳтимоли баланд бўлиб турипти.
Овоз йиғиш қийинлашиб бораётганини тармоқлардаги шовқинлардан ҳам сезаётган бўлсангиз керак. Бир фуқаро - бир овоз принципи, уяли алоқага эга индивидлар сони чеклангани ҳисобига ўтган йилгидек, асосий курашни охирги кунларга қолдиргани йўқ. Кундан кунга овоз берувчилар сони камайиб бораётгани шундан. Шу маънода, 20 кунлик овоз бериш марафони муддатини қисқартириш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш мумкин.
Ҳудудлар қирқимида аҳоли сонига нисбатан энг кўп овоз йиғилган вилоят бу Қашқадарё. Қашқадарёда қамров улуши 34,7%га етган. Қашқадарёликлар қандай ижтимоийлашгани ва мобилизация қудратига эга эканликларини намойиш этишмоқда.
Тошкент шаҳрида эса вазият аксинча. Аҳолининг атиги 14%и овоз беришга жалб қила олинган холос. Шу маънода қўшимча овозлар йиғмоқчи бўлаётганлар тарғиботни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида (23,5% қамров) ҳам кучайтиришларига тўғри келади.
Қамровнинг ҳудудлар орасида каррасига фарқланиши (туманлар орасида ҳам алоҳида таҳлиллар керак) овоз бериш учун пул таклиф қилиш методичкаси амалда ишламаётганини ҳам кўрсатади. Яъни, шартли равишда Андижонда 80 минг сўмга, Қашқадарёда қўзичоқ нисобига чиққан овоз Тошкентдагиларнинг овозини Андижонга ёки Қашқадарёга қаратиб кескин бураётгани йўқ.
Шу маънода, "мукофотлар учун эмас, ўзгаришлар учун овоз беринг" чақириғи ҳалида долзарб.
Овозингиз билан Ўзгартиринг!
- https://telegra.ph/file/162f8cbc7f8cce3f96a7d.jpgtelegra.ph
- https://t.me/the_bakiroo/7732@the_bakiroo
- https://t.me/minecofinuz/9008@minecofinuz