Суверен облигациялар орқали навбатдаги 1,5 млрд.долларлик қарз жалб қилинган
Маълум қилинишича, кеча 21 май куни, умумий қиймати 1,5 млрд.долларлик навбатдаги суверен облигациялар учта валютада жойлаштирилган.
Қарз маблағларининг
600 млн.доллари 7 йилга (6,9% ставкада);
600 млн.евро 3 йилга (5,375%);
3 трлн.сўми 3 йилга (16,525%) жалб қилинган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жалб қилинган маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилишини қайд этган. Мақсадлар қандай номланишидан қатъий назар, амалда бу қарзлар мувозанати издан чиққан бюджетни қўллаб-қувватлашга ва тегишли бюджет харажатларини қоплашга хизмат қилади.
Барқарор ривожланиш мақсадлари важи билан облигациялар чиқариш биринчи марта эмас. Вазирлик Дастур доирасида "Маблағларни тақсимлаш" ва "Лойиҳаларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига таъсири" ҳисоботларини тайёрлаш ва ошкор қилишни ваъда қилган.