Давлат банклари корпоратив депозитлар оқимини назорат қилишда давом этмоқда
Корпоратив депозиторларнинг аксари давлат корхоналари ва давлат назоратидаги субъектлар бўлгани сабабли уларнинг тақсимотида маъмурий таъсир ҳаддан ташқари юқори.
Шу туфайли июнь ойи давомида корпоратив депозитлар ўсган қисмининг 80%и давлат банкларига жойлаштирилган. Очиқ бозор эмас, кабинетларда ўтирган бозорбойлар масалани ҳал этаётгани учун хусусий банкларга бу секторда "нон қолдирилаётгани йўқ". Табиийки, хусусий банкларда тобора қимматлашиб бораётган аҳоли депозитлари учун курашишдан бошқа чора қолмаяпти.
Умуман олганда, ой давомида жами депозит портфели фаол ўсишда (+8,2 трлн.сўм) давом этиб 265,5 трлн.сўмга етган. Бундан корпоратив депозитлар 4,5 трлн.сўмга, чакана депозитлар 3,8 трлн.сўмга ўсган.
Корпоратив депозитларни жамлаб олиш ҳисобига Миллий банк (+3 трлн.сўм), Саноатқурилишбанк (+1,2 трлн.сўм) ва Агробанк (+934 млрд.сўм) мутлақ етакчилик қилишган.
Охирги йилларда ташкил этилган Апексбанк, Янгибанк ва Ҳаётбанкнинг депозит бозорида фаоллашгани кўзга ташлана бошлаган. Яқин истиқболда омонатлар бозорининг асосий ўйинчиларига айланган Тибиси ва Анорбанклар қаторига улар ҳам қўшилиши мумкин.