Асосий ставка пасайтирилди: юмшатишнинг бошланишими?
Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Релиздаги асосий тезислар:
Базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлди ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди. Бу энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганлиги билан изоҳланиб, инфляциянинг келгусида ҳам пасаювчи трендининг давом этишига ишора бермоқда.
Жорий йилнинг II чорагида иқтисодиётга турли каналлар орқали валюта оқимининг сезиларли ошиши кузатилиб, сўм алмашув курсининг барқарорлашишига ижобий таъсир кўрсатди.
Тадбиркорларнинг иқтисодий фаоллиги ва ишбилармонлик кайфияти бўйича индексларда сўнгги икки ойда нисбатан пасайиш кузатилган бўлсада, ижобий натижалар сақланиб қолмоқда.
Жорий йилдаги базавий инфляция тенденцияси ва инфляцион омиллар таъсирининг кутилганидан пастроқ бўлиши ҳисобига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди. Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши (апрелдаги прогноз 9-11 фоиз эди) ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.
Йилнинг II ярмида ҳам юқори инвестицион ва ишлаб чиқариш фаоллигининг сақланиб қолиши фонида йил якуни бўйича реал ЯИМ ўсиши прогнози 5,7-6,2 фоизгача оширилди (апрелдаги прогноз 5,2-5,7 фоиз эди).