
6 йил ичида — 17,1 трлн сўм
Бу 2018-2024 йиллар мобайнида давлат томонидан 47 мингдан ортиқ тадбиркорга кўрсатилган молиявий ёрдамлар миқдори. "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖнинг маълум қилишича, қўллаб-қувватловнинг асосий қисми тадбиркорлар кредитига кафилликлар (10,4 трлн сўм) ва кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш (6,7 трлн сўм)га сарфланган. Давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамларни талаб қилиш ва унумли фойдаланишда Хоразм, Тошкент ва Бухоро вилоятлари ишбилармонлари фаолроқ бўлган.
Ривожланиш йўлида ёрдам кўрсатилгани яхшидир, бироқ у қанчалик самара беряпти деган табиий савол туғилади. Компания маълумотларига таянсак, кафиллик ва компенсация ёрдамларидан жами 76 трлн сўмдан ортиқ кредитлар учун фойдаланилгани, натижада 6,7 трлн сўм ишбилармонларнинг ёнига қолгани қайд этилмоқда. Яна бизнес-режалар амалга ошиши билан босқичма-босқич 379,4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади, дейилган.
Бу йил ҳам 2,1 мингта лойиҳага 1,4 трлн сўм йўналтириш, бу билан тадбиркорларнинг 2,2 трлн сўмлик кредитларни қўллаб-қувватлаш кўзланган. Компания тадбиркорларга анъанавий ёрдамлар — кафиллик (556 млрд сўм), компенсация (115 млрд сўм)дан ташқари, янги кўмак турлари — хизматлар ипотекаси (300 млрд сўм), кредит учун ресурс ажратиш (300 млрд сўм) ҳамда лойиҳаларга улуш киритиш (84 млрд сўм) орқали ёрдам бермоқчи.
Натижада 275 млрд сўм маблағ тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолиши ва 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Мазкур рақамларга қанчалик эришилгани йил якунида аниқ бўлади.
- https://t.me/edcomuz/189?single@edcomuz