Пойтахт ҳокимияти ўз ҳужжатларини ХДФУ зикри билан яшира бошлади
Ҳокимликлар яширин ҳужжатлар қабул қилиш бўйича янги босқичга чиқишни бошлади.
Кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 169-14-0-F/24 сонли фармойиши "Юқори турувчи давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ХДФУ шаклда қабул қилинган ҳужжатлар ижроси бўйича" мазмуни билан очиқланмаган.
Шу кунгача қарорларнинг яширин кўринишда қабул қилиниши шахсга доир, васийлик ва ҳомийлик ёки бошқа турдаги фойдаланиш чекланган ахборот мавжудлиги туфайли баҳонасида амалга оширилар эди. Яширилган қарорларнинг ҳақиқатдан ҳам шундай мезон ва мазмунда эканини текшириш ё назорат қилиш имконияти мавжуд эмаслиги, қарорларни асоссиз тарзда яширгани учун учун ҳокимларга ҳеч қандай жазо йўқлиги, бу эса яширилган мақомдаги қарорлар сони ва улушини фақат ошириб бораётгани ҳақида жуда кўп ёзилди.
Кейинчалик очилиб қолган аслида ғирт иқтисодий, молиявий, ижтимоий мазмунга эга қарорларнинг "Шахсга оид тамғаси билан" яшириб қўйилишидан фақат бир мақсад жамоатчилик назоратисиз пул ўзлаштиришни англатади.
Эътибор берсангиз, турли чўнтаклар, олигархия ва монополистларга оид қарорларнинг (энг йирик активларни текинга эгаллаб олиш, совға қилиш, ишончли бошқарувга бериш, имтиёз ва преференциялар тақдим этиш) мутлақ катта қисми яширин, ёпиқ ва махфий тарзда қабул қилинган. Ёмон тарафи, янги даврнинг рамзларидан бирига айланиб бўлган бундай амалиётга қарши курашиш хоҳиши умуман мавжуд эмас.