Ўзлаштирилаётган миллиардларни халқдан яшириш керак, етимларга оид шахсий маълумотларни эса ошкор қилса бўлаверади
Янги Ўзбекистон учун яширин ва ёпиқ қарорлар бюрократик иллатга айланиб бўлди. Миллий бойликлар ва активларга оид коррупцион қарорлар, триллионларни бебилиска ўзлаштириш, хусусий имтиёз ва преференциялар, ўғри олигархия ва очофат монополистларни дастаклаш, хуллас, ўзбекистонликлар билиб қолмаслиги керак, дейилган нимаики қарор бўлса, ё яширин ё ёпиқ.
Бюрократик иллатга айланган бузуқ жараённи тўхтатиш бу кетишда ушалмас орзу бўлиб қолаверади.
Яширин ва ёпиқ қарорларнинг яна бир жиҳати бу “шахсга доир маълумотлар важи дейилган иккиюзламачилик ёлғони билан боғлиқ.
Биттагина мисол: Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов 2024 йилнинг 10 октябрь куни 709-14-0-Q/24 сонли қарорни қабул қилиб, яшириб қўйган. Яширилган ҳужжатга “ушбу ҳужжат шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширинган”лиги ҳақида изоҳ ёзилган. Лекин бу қарор республика бюджетидан иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти харажатлари учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган 100 миллиард сўм мавжуд қарздорликлар ва кутилаётган харажатларни қоплаш билан, яъни бюджет пулини ўзлаштириш билан боғлиқ.
Энди пойтахт ҳокимининг бошқа қарорига юзланамиз. 2024 йил 7 сентябрдаги 617-14-0-Q/24 “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой ажратиш тўғрисида”ги қарорни очиб кўрамиз. Не ажабки, бу қарор очиқ. Нафақат очиқ, ҳимояланиши лозим бўлган болаларнинг шахсий маълумотлари ошкор этилган, қарорда етимларнинг фамилияси, исми, шарифи, туғилган куни, уй манзили ва квартира рақамигача очиқ қолдирилган (биз қуйида шахсий маълумотларни суваб илова қилдик).
Яъни, ўзбек чиновникларининг моралига кўра, ўзлаштирилаётган триллион ва миллиардларни яшириш керак, етим болаларга оид шахсий маълумотларни эса ошкор қилса бўлаверади.
Қўрқаманки, бу сафар ҳам ҳеч ким жазоланмайди. Адлия вазирлиги елка қисади. Ошиб борса, узр сўраб қўйишади. Очиқ бўлиши керак бўлган қарорлар ёпиқ, ҳимояланиши зарур ахборотлар мавжуд қарорлар эса ошкор этилаверади.
P.S. Етимларга оид шахсий маълумотлар очиқ турган қарорни бу постдан кейин ёпиб қўйиб, мана ўзи “ёпиқ эди” дея навбатдаги ёлғонни ишлатилмаслиги учун тегишли скрин ва нусхалар олинди.
- https://telegra.ph/file/8918a1ea47d30212ddb67.jpgtelegra.ph
- https://t.me/the_bakiroo/9180@the_bakiroo
- https://e-qaror.gov.uz/doc/2061647gov.uz
- https://daryo.uz/k/2024/12/26/toshkent-hokimi-byudjetdan-ajratilgan-100-milliardga-oid-qarorni-shaxsga-doir-malumotlar-vaji-bilan-yashirgani-aniqlandidaryo.uz
- https://e-qaror.gov.uz/doc/2016060gov.uz