"Раҳбарлар Бойсуннинг халқи тўғрисида қизиқмаяпти. Майли, биз ёшимизни яшаганмиз, лекин болалар-чи?"
Бу ёқда Мирзамаҳмудов шимоллик оғалари билан Россияни Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қўшишни маъқуллаётган ва Марказий Осиё учун том маънода бомбага айланадиган АЭС қуришни келишаётган бир вақтда Бойсунда аҳвол оғирлигича қолмоқда.
Газета швейцарияликми, кипрликми ё гонконгликми бўлган инвестор ва унинг шотирлари яратган кулфатдан азият чекаётган бойсунликларнинг фикрларини жамлаган.
"Мактаб, боғчаларни ёпиш кераклиги ҳақида маҳаллага телефон қилиб ҳам айтдим, кеча бир-иккита раҳбарлар билан гаплашсам, «Бу бўйича бизга ҳеч қандай топшириқ бўлмаган, қандай қилиб ёпамиз?», дейди. Бу кетишда ҳамманинг ўпкаси тамом бўлади-ку".
"Заҳарланганларни кислород аппаратига улаш керак, устига-устак свет ҳам ўчиб қолаверади. Тунов куни бир танишим мазаси қочиб, йиқилиб қолди. Тез ёрдамга олиб борсак, кислород қўйиш учун свет йўқ экан".
"Раҳбарлар Бойсуннинг халқи тўғрисида қизиқмаяпти. Майли, биз ёшимизни яшаганмиз, лекин болалар-чи? Бошқа жойларни ёпмаса ҳам, боғча билан мактабни ёпиш керак. Болаларни ҳимоя қилиши керак-да. Эшик-дерзаларини ёпганимиз билан барибир у ҳиддан ҳимояланиб қолмаймиз. Газ бутун Бойсунга тарқалмоқда".
"Онамнинг мазалари йўқ, бош оғриғи билан қусиб ётибдилар. Мактабларда ўқувчилар ҳам нафас олишга қийналяпти. Бугун ҳам бир неча ўқувчининг мазаси қочди, уйдагилари келиб олиб кетди. Давлатимиздан ҳеч бўлмаса болалар ва ҳомиладорлар учун алоҳида чоралар кўрилишини сўраган бўлардим".
"Робот келтирилган, газ чиқаётган жойни ёпишга ҳаракат қилди, лекин эриб кетди», деган гаплар ҳам чиқди.
Кофирунга яқин Работ деган шаҳарчада аҳвол жуда ёмон. Аҳоли эвакуация қилинмаган, қандай ҳимояланиш кераклиги ҳақида ҳам огоҳлантирилмаган".
"Раҳбарлардан айни кунларда Бойсунда карантин эълон қилишларини сўраган бўлардим. Чунки ҳозир мактаблар, ўқув марказлари, иш жойларида дарслар ва ишлар давом этаётгани учун ҳамма кўчага чиқишга мажбур, кўчада эса аҳвол танг".
"Шу газни ёпиб ташлаш керак. Ўзи бу нимага керак, биз бечора халққа нима фойдаси бор? Умуман ёпиб ташласин, йўқ қилсин".