Иссиқхоналар учун газ бўладими?
Охирги йилларда куз-қиш мавсумига кириш арафасида иссиқхоналарнинг газ таъминотига оид бир-биридан умидбахш қарорлар қабул қилинади. Келинг, иссиқхоналар учун газ таъминотининг узлуксизлиги борасида охирги йилларда қандай ваъдалар берилганини эслаб кўрамиз.
2022 йил. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 700 гектардаги 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйган. Бунинг оқибатида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши, энг асосийси газдан узилган иссиқхоналарда банд бўлган 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин. Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш топшириғи берилди.
2023 йил. 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб берилади:
иссиқхона хўжалигининг табиий газ ҳисоблагичлари Табиий газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли бўйича маълумотлари онлайн равишда узатиладиган бўлиши;
иссиқхона хўжалигининг табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндириши ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўлаши;
аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжудлиги.
2024 йил. 2024-2025 йил куз-қиш мавсумидан бошлаб:
иссиқхона хўжаликларига ҳосил йилининг дастлабки 3 ойида (октябрь, ноябрь ҳамда декабрь) етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эа ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади.
Ҳудудгазтаъминот ва Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари босим тушадиган, газ ёки электр узиладиган бўлса, иссиқхоналарни 24 соат олдин мажбурий тартибда хабардор қилиши лозим.
Саноқсиз кафолат ва қоидаларга қарамасдан, иссиқхона бизнесидаги ҳар бир тадбиркор биладики, биринчи совуқлар бошланиши билан бу қарорлар эсдан чиқади. Чунки бу ерда асосий масала тўлов шакли ёки хабардорликда эмас. Газнинг жисмонан бўлмаслиги ва бундай идеал шторм шароитида газ тақсимотининг шонли энергетикларнинг қўлига ўтишида. Газни қайси иссиқхона, қачон, қандай миқдорда ишлатилишини кабинетларда ўтирган энергоқароқчилар белгилашда давом этар экан, биронта қоида, биронта кафолат ишламайди. Иссиқхоналардан тортиб цемент заводларигача бўлган специфик ишлаб чиқарувчилар учун газ таъминоти приоритетлари бозорда, биржа нархларида белгиланиши керак.
Қатор иссиқхоналар икки йиллик кўргуликдан кейин қишда газ бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиб, бу йил фавқулодда совуқлар учун суюлтирилган газ учун омборлар қуришни, суюлтирилган газ захиралашни бошлашган эди. Лекин шимолдагилар билан қўшилишиб Ўзбекистонни талаётган энергоқароқчилар буниям кўп кўришди. Бутун ёз ва ҳалигача суюлтирилган газнинг нархи сунъий равишда 2 каррадан зиёдга ошириб юборилди.
Шундай экан, катта эҳтимол, келаётган қишда ҳам помидор ва бодрингни Туркманистондан, балки ҳатто Туркиядан импорт қилишда давом этамиз.