Инфляцион кутилмалар бўйича сўровлар қийшиқ ойнага айланмаслиги керак
Валюта курсининг ўзгариши, Коммунал хизматларнинг қимматлашиши, Ёқилғи ва энергия нархининг қимматлашиши ўзбекистонликларнинг инфляция бўйича 12 ойдан бери ўзгармай қолаётган энг асосий уч хавотири бўлиб қолмоқда (бизнеснинг 11 ойдан бери).
Октябрдаги сўровларда аҳолининг инфляцион кутилмалари 12,8% (-0,5%), бизнесники эса 12,0%гача (-0,6%) туширилган.
Аҳоли орасида энг юқори инфляцион кутилма Тошкент вилоятида —14,8% (+1,1%). Тошкент шаҳрида эса инфляцион кутилма ўтган ойдаги 15,2%дан бирданига 11,6%гача пасайтирилган. Тошкент вилояти ва инфляцион кутилмалар бўйича энг катта иштирокчилар вазнига эга пойтахтдаги бундай ҳалинчак кўрсаткичларга, нарх ва кутилмалар энг юқори суръатларда ошаётган пойтахтда қайси сабаблар билан оптимизм пайдо бўлганига қанақадир изоҳ бўлиши керак.
Бизнес орасида энг юқори инфляцион кутилма Навоий вилоятига кўчиб ўтган — 14,4% (+1,5%). Бу сегментда ҳам Тошкент шаҳрига оид кутилмалар 13,3%дан 12,6%гача, ўтган ойдаги пешқадам Тошкент вилоятидаги кутилмалар эса 14,4%дан 12,7%гача пасайтирилган.
Даромадлар гуруҳида барча гуруҳларда кутилмалар пасайган ёки ўзгартиришсиз қолдирилган. Айниқса, 15 млн.сўмдан кўп даромад олувчиларнинг кутилмалари 15,8%дан 13,9%гача туширилгани эътиборли.
Ўтган ойда 17% ва ундан ундан юқори инфляция кутган тошкентликлар улуши 36%дан 22%гача туширилган, 8% ва ундан кам инфляция кутаётган тошкентликлар улуши эса 21%дан 42%гача кўтарилган.
Қийшайтирилган ойна қарор қабул қилувчилар учун қанчалик ёқимли тасвир яратмасин, доим хато ва зарарли қарорларга туртки беради. Шунинг учун расмий инфляция рақамини яратиш бўйича қандай манипуляциялар қўлланилаётганидан қатъий назар, инфляцион кутилмалар бўйича сўровлар қийшиқ ойнага айланмаслиги керак.