Қуёш ва шамол станцияларига нисбатан захира қувватлари йўқлиги ниҳоят эсга тушди, янги ва янги ДХШ имзолаб ётилибди
Стратегия тушгача ёки навбатдаги селектор ва қўнғироққача экани айниқса энергетикада яққол намоён бўлади.
Энергетика вазирлиги навбатдаги қуввати 1 ГВт бўлган шамол станцияси қуриш бўйича шартнома имзоланганини эълон қилмоқда. Аввал эълон қилинган лойиҳалардаги қувватлар билан ҳисобланса, 2030 йилга жами 21 ГВт қувватли шамол ва қуёш станциялари бўлади. Зўрку, дейишга шошилманг.
Қайта тикланадиган генерациянинг барқарорлиги доимий эмас, унга нисбатан захиралар паритети керак. Вазир ўринбосари Умид Мадаминовнинг ўзи 2030 йилгача камида 10 ГВт захира қуввати яратиш кераклигини айтаяпти. Лекин қайси манбалар ва маблағлар ҳисобидан эканига, бу бўйича нима иш қилинаётгани ва қандай режалар борлигига тўхталинмаган. 10 ГВт ҳазилакам қувват эмас.
Хўп, стратегик ҳужжатларимизда нима дейилган?
Энергетика вазирлиги ўзи тасдиқлаган Концепцияга кўра, 2030 йилга жами қуёш станциялари қуввати 5 ГВт, шамол станциялари қуввати эса 3 ГВтни ташкил этиши керак бўлган. Барча ҳисоблар шу ўлчовлар асосида олинган. Лекин улар аллақачон эскирган, янгилари балки бордир, лекин очиқланмаган. Қарорларга киритилиб юборилаётган лойиҳаларда рақамлар ҳисоб-китобларга асосланганми?
Энди саволлар: Биз истаётган энергетика бозори учун ўзимиз ўзимизга чуқур хатарлар яратмаяпмизми? Бозорни ҳали бозорга етмаёқ ўлдириб қўймаяпмизми? Ҳозирги ҳолатда узоқ йиллар инвестиция киришига иштаҳа ўлдириб қўйилмадими? Қуёш ва шамол ДХШ лойиҳалари ясашни балки бозорга етгунча ва захиралар барқарорлигини яратмагунча тўхтатиб турармиз? Бу потиратиб тузилаётган ДХШларнинг билвосита юки эртага давлат мажбуриятига ва эҳтимолий қарзига айланиши ҳақида ўйлаш пайти келгандир балки? Ёки лойиҳа шартномалари имзоланмаган бўлсаям, лента қирқиб пиарни давом эттираверамизми?
- https://t.me/minenergy_uz/13598@minenergy_uz
- https://www.spot.uz/oz/2024/11/08/renewable-energy/spot.uz
- https://minenergy.uz/uz/lists/view/28minenergy.uz