23K48Telegramda ochish
Ўзбекгидроэнерго учун яна харид тарифлари ошириб бериладими? Тадбиркорлардан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тарифи пасайтирилиши илгари сурилаётган бир пайтда, Ўзбекгидроэнерго АЖ учун харид тарифлари яна ошириб берилиши мумкин. Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси (Ж. Қўчқоров) икки ҳафта муддатда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш тарифини операцион харажатлар, кредит мажбуриятлари ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиши ва тасдиқлаши керак. Охирги 2 йилда, истеъмолчилар учун тарифлар кескин оширилгандан кейин, Ўзбекгидроэнерго АЖ генерация қилаётган электр энергияси қанчадан сотиб олинаётгани тўғрисида очиқ маълумотлар йўқ. Лекин 2024 йил август ҳолатига Ўзбекгидроэнерго АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергияси нархи 501 сўм эди, шундан кейин ҳукуматнинг идоралараро тариф комиссияси протоколлари ҳақида янги маълумотлар чиққани йўқ.. Шу ўринда, қатор нафақат Ўзбекгидроэнергога, тарифлар комиссиясига ҳам саволлар туғилади. Биринчидан, Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясига кўра, 2026 йил 1 январдан кунбай, яъни улгуржи савдолар тизимига ўтилиши керак эди. Яъни, Ўзбекгидроэнергоми, Иссиқлик электр станцияларми, хорижий инвесторларнинг қайта тикланувчи генерациясими, фарқи йўқ, генерация қилинган электрни биржада сотиши керак, табиийки, нархлар ҳам онлайн савдо платформасида шаклланиши зарур. Хўп, кунбай савдоларга ўтилдими? Ўтилмаган бўлса, нега? Нима учун Ўзбекгидроэнерго учун истисно қилиб берилиши керак? Энергорегулятор нима дейди? Иккинчидан, 5 йил аввал Ўзбекгидроэнерго учун қилинган презентация ва тегишли қарорда 2030 йилда республикадаги гидроэлектр станциялари қувватини 4 999 МВтга етказиш вазифаси қўйилган эди. Охирги қарорда бу мақсадли кўрсаткич 2030 йилда 3 794 МВт этиб кўрсатилган. Бу худди 2030 йилда газ қазиб олишни 62 млрд.кубга етказиш вазифаси 48,5 млрд.кубгача пасайтириб берилгани сингари. Ҳужжатда нима учун кўрсаткичлар пасайтирилгани (харид тарифлари эса оширилиши) сабаблари келтирилмаган, Давлат раҳбарига аввалроқ қилинган презентация материалларида ҳам бу ҳақда маълумот мавжуд эмас. Учинчидан, минтақада музликлар шиддат билан эриётган, ёғингарчилик даври ва цикли баҳолаб бўлмас тарзда ўзгараётган, сув тақсимотида янги ва янги чақириқлар юзага келаётган экан, яна ва яна илгари сурилаётган 5,8 миллиард долларлик гидроэнергетика лойиҳаларини қандай хатарлар кутмоқда? Бу лойиҳалар кечикса. қимматлашса, сув оқимлари ўзгариб, камайиб, тўхтаб қолса, кредит ва қарзларни қайтаришда муаммолар юзага келса, истеъмолчилар учун тарифлар яна ошадими? Ёқилғи энергетикасида қимматлаштирилган ва самараси баҳоланмаган лойиҳалар хулосалар чиқаришга етарли бўлмадими?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin