Пахта ҳосили 5 йиллик минимумда: сабаб об-ҳавода эмас, зараркунанда ўзбек чиновнигида
Ҳосил айни пишган вақтда бюрократик йўл билан фьючерс битимлари бўйича пахта нархини мажбурий пасайтирилгани, фермерларга нисбатан кучайиб бораётган зўравонлик, теримга нисбатан рағбатнинг ўлдирилиши ва кечиккан тузатишлар натижасиз қолмаслиги аниқ эди.
Ўзбекистонда 2019 йилдан бери энг кам миқдорда, 3,1 млн.тонна пахта хом-ашёси йиғиб олинган. Бу келгуси йил давомида тўқимачилик, ёғ-мой ва озуқа ем ишлаб чиқариш кўрсаткичларида ҳам пасайиш юз беради дегани. Чорвачиликда ем таклифи ва дефицити доим гўшт ва сут нархларини белгилаб келган.
Эркин Абдулахатов ёзмоқда:
“Агарда, ҳосилдорлик кам бўлса, унинг сабаблари ҳам айтилиши керак эди. Жорий йил пахта толаси бўлиқ-бўлиқ етилишида жорий иқлим пахта физиологияси учун жуда ҳам комфорт бўлди. Жорий Эль-Ниньо даврида ёзда пахтанинг кўсакчаларидан тортиб, гулигача тўкиб ташлайдиган иссиқ, қурғоқчил ҳаволи гармсел кузатилмади ҳисоб, сув ресурслари билан боғлиқ вазият ҳам сезиларли барқарор кузатилди. Йил пахта учун зўр келди.
Аммо, пахта сиёсати билан боғлиқ муаммолар сабаб, минглаб тонна пахта толалари далаларда қолиб кетди. Аслида, биз жорий йил ўтган ва ундан олдинги йилларга нисбатан кўпроқ ҳосил яратишимиз мумкин эди”.
Энди келаси йилга нима бўлади, ҳеч ким билмайди. Кайфиятлар сўнган. Қоидалар ҳар йили ўзгартирилмоқда, ўзгартирилгани майли, ҳеч бўлмаса мавсум охиригача амал қилинаётгани йўқ. Фермерларнинг овози, ҳимояти ва вакиллиги йўқ, на параламентда, на ҳукуматда.
- https://t.me/uzb_meteo/17853@uzb_meteo