
Ўзсаноатқурилишбанк Яқин Шарқнинг етакчи банклари билан қатор келишувларга эришди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13-15 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари иштирокида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция каби устувор соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлатиришга қаратилган музокаралар ўтказилди. Мазкур учрашувлар доирасида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ҳам Яқин Шарқнинг етакчи банклари билан самарали келишувларга эришилди.
Хусусан, “Mashreq Bank”, “Al Ahli Bank of Kuwait” ва бошқа банклар билан умумий қиймати 225 млн. долларга тенг хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича келишувлар имзоланди. Мазкур хорижий сармоялар иқтисодиёт тармоқлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес соҳасини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бу, ўз навбатида, истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, “Ал-Ҳуда” Исломий банк ва иқтисодиёт маркази (“Аl-Huda CIBE”) билан исломий молиялаштириш тамойилларини жорий қилиш, шариат сертификатларини олиш ва исломий молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича ҳам меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, 16 январь куни Дубай шаҳрида “International Finance” халқаро журнали томонидан Ўзсаноатқурилишбанк “Энг яхши корпоратив банк” ва “Энг яхши корпоратив бошқарув банки” сифатида тақдирланди. Нашр таҳлилчилари банкнинг сўнгги беш йилда ўз фаолиятини трансформация қилиш асносида юқори натижаларини, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда молиявий кўрсаткичлари ўсишини эътироф этди.
Манба | Реклама