Апрелдаги ошишдан кейин энерготарифлар 3 йил ўзгармайдими?
Тарифларнинг апрелдаги кескин ошишидан кейин энерготарифларнинг қанча муддат ўзгаришсиз қолдириш бўйича энергочиновниклардан бирон бир тайинли жавоб эшитганимиз йўқ. Устозлариям, шогирдлариям жим. Иқтисодий блокда энергетика соҳасини субсидиялаш 2028 йилгача давом этишини маълум қилишган бўлишсада, тарифлар истиқболи тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган (инфляцион таргетга боғланган бўлсада). Ислоҳотларнинг зарурий қисми бўлган шаффофлик ҳам йўқ, ҳисобдорлик ҳам (шунинг учун бу қип-қизил антиислоҳотга айланди, ислоҳот эмас).
Тор доираларда муҳокама этилаётган режаларга кўра, энергетика соҳасида энергохўжалар чўнтаги учун самарасиз ва кэптив лойиҳаларни ясаш давом этаверади. Бу дегани таннархни шиширишда тўхташмайди. Ўзбек истеъмолчиси ва бизнесини бу касофатлардан ҳимоя қиладиган қандай механизм бор?
Ҳукуматнинг мана бу қарорига кўра, электр энергияси учун белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар 2023 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади.
Лекин, ҳукуматнинг мана бу қарорига кўра, электр энергияси ва табиий газ учун белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар 2026 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади.
Қизиғи, биринчи ҳужжат ўз кучида бўлса, иккинчи ҳужжат 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.
Ҳар икки ҳужжатнинг ҳарфи ва руҳига амал қилинса, электр энергияси учун 2024 йил 1 майдан кучга кирган тарифлар камида 3 йил, 2027 йил 1 майга қадар ўзгармаслиги керак. Айни вақтда газ учун тарифлар эса 2026 йилда ҳам яна бир марта ошиши мумкин ва бу тарифлар 2029 йилгача ўзгартирмай сақланиши керак.
Мана шунақа ҳуқуқий бўтқа. Назаримда, атайин қолдирилган ўзаро номувофиқликдан фойдаланиб, тарифларни оширишда давом этиш учун шундай қилингандек.
Нима бўлгандаям, мазкур масалага ҳукумат халқ тараф бўлиб аниқлик киритиши зарур. Энг тўғри халқпарвар иш бу апрелдаги ошишдан кейин тарифларни камида 3 йилга музлатиш билан боғлиқ бўлиши керак.
Агар бунинг акси бўлса, тарифлар турли предлоглар билан оширишда давом этса, аҳоли ва бизнес яна бир марта алданган бўлади.