Энергетиклар энергетик ислоҳотга бош бўлишадими?
Перманент энергетик муаммоларга қарамай, амал-тақал қилиб яна бир қишни чиқариб олган ўзбекистонликлар яқин ойлар ичида энергетик ислоҳотлар билан рўпара бўлишади.
2024 йил Давлат дастурига кўра нефть, газ ва электр энергетика соҳаларида тариф ислоҳотларини амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланиши ва бунда:
электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг нархлари ва тарифларини ўз таннархидан кам бўлмаган (cost recovery level) миқдорда ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
ҳисоб-китоблар натижасига кўра электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг нархлари ва тарифларини тасдиқлаш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси ва табиий газ нархларини белгилашда «ижтимоий меъёр» тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур режаларнинг қизиқ ва айни бир пайтда ўта хавотирли тарафи, кутилаётган энергетик ислоҳотларда таннархга урғу берилаётгани. Чунки айнан шонли энергетикларимиз ўзларининг самарасиз лойиҳалари ва хатоларини доимий равишда таннархни шишириш билан оқлаб-кўклаб келадилар.
Аввалроқ ўзбек энергетикасининг бугунги мақсади таннархни шиширишга ва пул ўзлаштиришга қаратилганига, бир йил ичида газ таннархини 35%га, электр энергияси таннархини 21,25%га оширилгани ҳақида тўхталган эдик. Яна айтиш керакки, масалан, газ таннархи борасида вазирлик ва моноплистнинг баҳолашлари каррасига фарқ қилади.
Энди 7 йиллик самарасизликни таннархни оширишга йўналтириб сувдан қуруқ чиқаётганлар энергетика ислоҳотини амалга оширувчиларга айланмоқда.
Ислоҳотлар бошланмасдан туриб обрўсизлантирилиши учун бундан ортиқ яна нима керак? Биз нима учун, уларнинг қайси кўрсатган кароматига 7 йилдан бери ўзгармай қолаётган энергетиклар жамоасига яна ишонишимиз керак?
7 йил давомида ясалган дастурларда сўралганки маблағлар ортиғи билан берилганига қарамай (шу пуллар мактаблар, шифохоналар, пенсионерлар, беморлардан тежалган), миллиардлаб қарз, миллиардлаб захираларни сохта ва самарасиз лойиҳалар орқали кўкка совуришгани, энергетика тизимига қўшиб иқтисодиётимизниям Россияга қарам қилдиришгани учунми?
Ё қишни кулфат ва ёзни қайғу фаслига айлантиришгани учунми?
Нима учун? Нима учун яна уларга ишонишимиз керак?
Энергетиклар қўлига топшириладиган энергетика ислоҳоти бу фақат нархларнинг улар истаган даражагача оширилиши билан якун топади холос. Бозорга бир қадам ҳам қадам қўйилмайди, бир манбага уларнинг сиғинган оқ хўжаларига қарамлик ортаверади, диверсификация бўлмайди. Оғир ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар яратаётган энергетик кризис эса давом этаверади.
Бизга шу керакми?
- https://telegra.ph/file/be20b9619957e7bd5fc46.jpgtelegra.ph
- https://lex.uz/docs/6811936lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/7045@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7566@the_bakiroo