Тарифларнинг навбатдаги ошиши олдидан коммунал хизматларнинг қимматлашиши асосий хавотирга айланган
Январь ойи сўровларида аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,4% даражасида ўзгаришсиз, бизнеснинг кутилмалари эса бироз яхшиланиб 12,9% (-1,0%) даражасида қайд этилган.
Сўровларда аҳоли ҳам (57%), бизнес (54%) ҳам коммунал хизматларнинг қимматлашишини инфляцион кутилмалардаги асосий хавотир омили сифатида кўрсатган. Қизиғи, коммунал хизматларнинг қимматлашиши ўтган йили, тарифлар кескин оширилган май ойида ҳам бош хавотирга айланганди.
Энг юқори инфляцион кутилмалар бу сафар аҳоли орасида Тошкент вилоятида кузатилган (15,7%). Тошкент шаҳрида кутилмалар 19,1%дан 15,3%гача тушган бўлса, Андижон вилоятида кутилмалар кўрсаткичи 12,4%дан 15,5%гача кўтарилган. Бизнес вакиллари наздида энг юқори инфляцион кутилма Тошкент шаҳрида сақланмоқда (16,2%).
Тошкент вилоятида 17% ва ундан юқори инфляция кутаётган пессимистлар улуши 40%ни ташкил этмоқда.
Ўртаҳоллар - 4-15 млн.сўм оралиғида даромад кўрувчиларнинг кутилмалари ёмонлашган бўлса, қолган гуруҳларда, энг бойлар ва кам даромадликларнинг инфляцион кутилмалари яхшиланган.