Humo'даги давлат олиши керак бўлган 200 млрд.сўмлик дивидендларни Paynet оладиган кўринади
28 февраль ҳолатига эълон қилинган маълумотларга кўра, "PAYNET" АЖ ихтиёрига "Milliy banklararo protsessing markazi" АЖнинг (Humo) 104 927 904 дона ёки 67,5% акцияси ўтган. Бошқача айтганда, Paynet Humo устидан де-юре назоратни қўлга киритган.
"Хусусийлаштирилиши"дан олдин, Humo кетма-кет икки квартал давлатга дивиденд тўламагани, 200 млрд.сўмдан ортиқ тақсимланмаган фойдаси энди Paynet ихтиёрига қолиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Амалда ҳам худди шундай бўлиб чиқмоқда.
Демак, давлатга тўланмаган ва Paynet ихтиёрида қоладиган 203,3 млрд.сўмлик дивидендлар ҳисобга олинса, Humo 840,3 млрд.сўмга эмас (65 млн.доллар), 637 млрд.сўмга (49 млн.доллар) бўлиб тўлаш шартларида "тушиши" маълум бўлади. Айтиш керакки, Давактив "хусусийлаштиришнинг" давлат молиявий манфаатларига зид бўлган орқаварот келишувларини очиқлашни лозим топмаган. Давлат манфаатларини ҳимоя этиши керак бўлган Давактив қайси сабаблар билан "дивиденд олишни истамагани" қизиқ.
Бу бўйича йирик "хусусийлаштириш" кейсларида севимли консультантга айланган “Deloitte”, баҳоловчи “KPMG”, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки Солиқ қўмитаси ҳам бирон муносабат билдиришмаган. Ҳеч бўлмаса репутацияси учун.
Дарвоқе, 67,5% акцияларга эгаликни расмийлаштирган Paynet аффилланган шахслар қаторига қўшилган. 20 мартга мўлжалланган умумий йиғилишда жамият кенгаши ва бошқарувини ҳам ўзгартириш кун тартибига киритилган.
- https://t.me/the_bakiroo/9583@the_bakiroo
- https://new.openinfo.uz/facts/36/7236openinfo.uz
- https://new.openinfo.uz/facts/6/12101openinfo.uz