23K105Telegramda ochish
Энергосамарадорликка субсидиялаш билан эмас, очиқ бозор ва эркин танлов орқали эришилади Ўзбекистонда энргетикага оид навбатдаги давлат идораси Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташкил этилмоқда. Агентликнинг функцияси хусусан энергосамарадорлик учун ажратиладиган бюджет ресурсларини тақсимлаш,қайта тақсимлашдан ва субсидиялашдан иборат бўлади. Афсуски, субсидиялашнинг самарасизлиги, коррупцион каналлар яратиши ва якуний харажатларни қимматлаштириши бўйича бошимиздан ўтказган шунча ёмон тажрибаларга қарамасдан, яна шу йўлдан боришга қарор қилинган. Агентлик тизими орқали: банкларга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан энергия сервис компаниялари (ЭСКО) лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ажратилади; аҳолига бериладиган «яшил таъмир» кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисми агентлик маблағлари ҳисобидан қопланади; аҳолига қуёш панеллари, сув иситгичлар ва иссиқлик насослари нархининг 18,75 миллион сўмгача бўлган қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади. Шунақа таассурот уйғонмоқдаки, шонли энергетиклар 8 йил давомида қазишни ошириш ва қимматлаштирилган лойиҳалар ясаш учун мисли кўрилмаган қарз ва бюджет маблағлари ўзлаштирилгандан кейин ҳам, тарифлар каррасига оширилиб, счетчиклар ва ҳисоб-китоб қамрови тўлиқ тугатилгач ҳам ижобий натижага эриша олишмагач, энди "стрелка"ни энергосамарадорликка қараб буриб юборишмоқчи. Гўёки энергетикада ҳамма муаммоларимиз энергосамарадорлик йўқлигида (аввалбошдан иқтисодий самарасиз ва қиммат лойиҳаларни таклиф этган устоз ва шогирдларда ёки валийнеъмат пудрат қиролларида эмас!). Яъни шогирд энергетик устозини оқлаб берганидек - яна аҳоли ва бизнес айбдор. Хўп, энергосамарадорликка эришиш ва курашиш керак. Лекин нега яна субсидиялаш ва яна бир навбатдаги вазирлик яратиш билан (маъмурий ислоҳотларнинг руҳи ва ҳарфи қайда қолди)? Бутун Марказий Осиё ва яна ўша Россияда (учта субъекти истисно) ҳисобга олганда ҳам энг қиммат энерготарифлар энди Ўзбекистонда (бу иқтисодий рақобатбардошлилигимизни ўлдираётгани алоҳиа мавзу). Мажбурлаш керак эмас, аҳоли ва бизнес ўзи билиб энергияни тежашга аллақачон ўтган. Тежамаса, гўшт емайди, боласига пойафзал ололмайди, ота-онасига дори ололмайди, буни ўтган қишда ҳар бир ўзбекистонлик ўз танасида кўрди, сезди, сезмоқда. Энергосамарадорлик керак! Лекин нима учун очиқ бозор ва рақобат яратиш билан эмас? Энергосамарадорлик бўйича чақириқларингиз самимий бўлса, кондиционердан тортиб ўша қуёш панеллари, сув иситгичлар ва иссиқлик насосларига аждарҳо божларни олиб ташланглар, барака топгурлар. Қуёш панели импортига ўрнатилган яширин тақиқларни бекор қилинглар. Ҳурматли энергетиклар, ўзингиз учун аниқлик киритиб олинглар: Мақсад яна энергетик муаммолар асл сабабларини хаспўшлаб, эътиборни бошқа шовқинлар ясаб чалғитишми, пул ўзлаштиришми ё росмана энергосамарадорликка эришиш?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin