Рақобат қўмитаси қимматлаштирилган авиаёқилғи муаммосини ўрганадими?
“Чипталарни арзонлаштирдик” деган манипуляция ва бир марталик фокуслар муаммонинг ечими эмас. Эртага топшириқ эсдан чиқиши билан яна ҳаммаси ўзининг эски ҳолига қайтади.
Шунинг учун муаммонинг илдизига эътибор қаратиш керак. Маҳаллий қатновларда Қиммат авиачипта ёки маҳаллий қатновларга рағбат йўқлиги бу қимматлаштирилган авиаёқилғининг ҳосиласи. Афсуски, ота-бола монополист тугул, хусусий авиакомпаниялар ҳам бу ҳақида гапирмайди. Аниқроғи гапира олмайди. Боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишлари мумкин.
Шунинг учун бу муаммони Рақобат қўмитаси ўрганиши, авиаёқилғи таъминотида янги, рақобатли тизимни яратиш тўғрисида хулосалар бериши керак бўлади. Рақобат қўмитаси, шунингдек, субсидияларнинг ишлатилиши бўйича ҳам ўрганишлар ўтказса, нур устига аъло нур бўларди. Чунки, биз билмаймиз, балки субсидиялар худди газ билан бўлгани сингари, ўзи сунъий қимматлаштирилган авиачипталар сабабчисининг чўнтагига кетаётгандир?