25K71Telegramda ochish
Бу худди таннархи шиширилган ва ўзлаштиришга асосланган энергетикани субсидиялаш каби бўлади Маҳаллий авиақатновлар сонини ошириш учун ички рейсларни субсидиялаш ечим бўла олмайди, қайтанга тескари натижалар беради. Биринчидан, авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги авиақатновлар учун чипта нархининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар 2022 йилдан буён ажратиб келинади. Масалан, 2025 йилда 2024 йилга нисбатан ҳатто субсидиялаш 2 карра оширилган ҳам. Бундан ташқари Қорақалпоғистон ва Хоразмга, Сўхга авиарейслар учун яна алоҳида субсидиялар бор. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ҳисоб палатаси 4 йилдан бери субсидияланаётган ички рейслар қанақа натижа берганини танқидий ўрганиб кўрдими? Субсидиялаш қатновлар сонини ошириб, нархларни пасайтириб қўйгани йўқ. Урганчга учиш Дубайга учишдан қимматлигича қолмоқда. Бухорога учиш Алматига учишдан афзал бўлиб қолмоқда. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўраверади. Иккинчидан, маҳаллий қатновларда рақобат йўқ, умуман йўқ. Маҳаллий қатновларда рақобат йўқлигини чипталар нархи охирги уч ойда 1,74 карра ошгани кўрсатмаяптими? (халқаро қатновларда салгина рақобат борлиги учун нархлар 12,4%га ошган). Маҳаллий қатновларда ўзаро рақобатлашиши керак бўлган Silk avia Ҳавошканинг шўъбасига айлантирилган (ўзбек чиновниклари бир қўлли бошқаришни севишади). Абсурд шу даражага етганки, имтиёз ва субсидиялар берилиб маҳаллий лоукостер бўлиши керак бўлган Silk avia чипталари Ҳавошканикидан қиммат. Яна нечта қарор ва протокол чиқсаям, ҳавошка ҳам, Silk avia ҳам талаб энг юқори бўлган шаҳарларга қанча керак бўлса шунча авиақатнов ташкил эта олмайди. Бунга уларда хоҳиш ҳам, имконият ҳам йўқ. Ички қатновлар бозорига хорижий компанияларни киритиш керак. Учинчидан ва бу энг асосийси, километрига чаққанда Тошкент-Урганч, нисбатан рақобатли Тошкент-Дубайдан 2-3 карра қиммат. Нимага? Чунки сабаб олигархиянинг қимматлаштирилган авиаёқилғисида. Шунинг учун авиакомпаниялар бир марта бўлса ҳам арзонроқ ёқилғи қуйиб олиш мумкин бўлган четга учишни истайди, маҳаллий қатновлар “невыгодно”. Шунинг учун Тошкент аэропорти ва маҳаллий аэропортларни ёқилғи билан таъминлаш бўйича эксклюзив битимлар бекор қилиниши ва аэропортларда авиаёқилғи таъминоти учун янги очиқ танлов ва конкурслар ўтказилиши зарур. Нима учун вазирлар муаммонинг илдизи билан ечадиган ва Ўзбекистонда маҳаллий қатновларни нормал давлатлар даражасига қайтарадиган таклифларни беришмаяпти, тўғриси, менга тушунарсиз. Қўрқишадими ё улар кимгадир қарамми ёки манфаатдор эмасми?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin