Пудратчи кимлиги очиқланадими?
Ўзбекистонда конларда юз бераётган авария ва техноген ҳодисалар ҳақида расмий ахборотларда пудратчилар номини очиқламаслик анъанага кирмоқда. Масалан, Бойсунда М-25 конида 2024 йил сентябрда рўй берган авария ва кейинги техноген ҳодисалар бўйича Энергетика вазирлигининг биронта баёнотида пудратчи номи келтирилмаган (Eriell Group). Ваҳоланки, конларда бурғулаш, қайта бурғулаш ва қурилиш-монтаж ишларида асосий жавобгарлик айнан пудратчи ташкилот зиммасида бўлади.
Бу сафар ҳам, Мўйноқдаги конда юз берган ҳодиса бўйича Энергетика вазирлигининг расмий ахборотида конда бурғулаш ишларини олиб борган пудратчи номи яна тушириб қолдирилган. Энергетика вазирлиги конларда юз берган ва бераётган ҳодисаларда нима учун пудратчилар номини атамаслиги тушунарсиз.
Маълумот учун, очиқ манбаларга кўра, Устюрт ва Мўйноқ ҳудудларида кўплаб мавжуд конларнинг таъмирловчи ва бурғуловчи пудратчиси Eriell Group ҳисобланади.
Газ қазиб олиш тинимсиз қисқариб бораётган ва таннархи шишаётганига қарамай, монополист Ўзбекнефтегаз ва турли йўллар билан ўзбек конларига эга чиққан бошқа “хусусий” операторлар очиқ конкурслар орқали глобал нефт-сервис компанияларини жалб қилиш, хатарларни камайтириш ва диверсификациялаш ўрнига пудрат келишувларини саноқли компаниялар, хусусан Eriell Group билан тузишда давом этишмоқда.