Швейцарияликми, кипрликми ё гонконгликми бўлган инвестор Бойсундаги техноген ҳодиса (офат) бўйича муносабат билдирмайдими?
Бойсунда, Мустақилликнинг 25 йиллиги газ конида техноген ҳодиса (офат) юз берганига 4 суткадан ошди.
Лойиҳанинг оператори Surhan Gas Chemical Operating Company ҳодиса бўйича биронта изоҳ бергани йўқ.
Конда бурғулаш ишларини олиб бораётган Eriell компанияси ҳодиса юз берган куни нефть ва газчиларни байрам билан табриклашгани унутмаган, лекин юз берган офатни эслашни 4 кундан бери лозим топгани йўқ.
5,3 млрд.долларлик лойиҳани «тайёр ҳолда топшириш» шарти билан олган Enter Engineering расмий саҳифасига кирган одам ҳам конда юз берган ҳодиса ҳақида бирон маълумот топа олмайди.
Операторлик ва қазишдан тортиб қурилишгача бўлган жараёнларни бир қўлда жамлаган швейцарияликми, кипрликми ё гонконгликми бўлган инвестор ҳам кўриниш бергани йўқ (бевосита жавобгар бўлишмасада вазирлар, замвазирлар, давлат компаниялари раҳбари ўша куниёқ ўша ерда ҳозир бўлишди). Ваҳоланки, охирги ойлардаги давлат тадбирлари ва ташрифларининг қоқ марказида, барча камераларнинг қаршисида муҳташамлик билан намоён бўлаётган эди.
Ҳодиса тўғрисида "яна батафсил маълумот берилади" деганича Энергетика вазирлиги ҳам 3 кундан бери жимлик режимига ўтиб олди.
Табиийки, қатор саволлар туғилади. Кондаги ҳодисадан кейин инвестор қўлидаги ишчиларнинг ҳоли қандай? Уларга моддий ёрдам кўрсатилдими ё осонгина ишдан бўшатиб юборилдими? Аҳолига етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қанча қисми инвестор томонидан қопланади? Офатнинг лойиҳанинг тақдирига таъсири қандай бўлади? Ва ўзи умуман кондан водород сулфид чиқиши тўхтатилдими? Одамлар уйларига қайтдими? Экологик хавф аридими? Ҳодисанинг такрорланмаслигига қанақа кафолатлар бор?