Теримчиларни юқори рағбатлантириш нима учун муҳим?
Албатта, кузги йиғим-терим бошланган кунларда пахта ҳосили қанча тез йиғиб олинса, тола сифати шунча юқори бўлади, фермернинг даромади-ю, кейинги занжирларда ва қайта ишлаб босқичларида қўшилган қиймат ҳам шунча кўпроқ кенгаяди. Табиийки, фермерлар орқали теримга субсидия берилса, фақат айтайлик, 10 октябргача терилган пахтага ва шунингдек, камида килосига 1 800-2 000 сўмдан юқори тўланган теримга берилса, самара бўлади (шунда теримчилар ҳар бир кило терилган пахтага камида 2 800-3 000 сўм қўлига олади). Нима бўлгандаям, асосий ғоя бозордан қимматроқ пул берилиши бўлиши керак.
Теримчилар юқори ҳақ тўланишининг яна бир ўрта ва узоқ муддатли самараси мавжуд. Бу пахта теримини механизациялашга рағбат ва туртки бериш билан боғлиқ. Фермерниям, кластерниям механизациялашга ундовчи асосий омил бу қиммат ишчи кучи ҳисобланади, давлат турли воситалар билан ишчи кучини қимматлаштирмаса, яна 50 йилдан кейин ҳам пахтани қўлда теришда давом этаверамиз (машина теримини субсидиялаш-у, пахта териш машиналари учун арзон кредитлар етарли таъсирчанликка эга эмас).
Яна эсдан чиқармаслик керакки, теримчиларга берилган ҳар бир минг сўм Ўзбекистон бўйича камида 3,5 трлн.сўм дегани, бу энг аввало истеъмолни рағбатлантиради, теримчилар одатда қишга кўмир, боласига иссиқ кийим-кечак олади, озиқ-овқат жамғаради (асосан аёллар бўлган мавсумий ишчилар учун бу ягона даромад манбаи). Демак, ишлаб чиқаришни рағбатлантиради, қўшимча берилган маблағларнинг катта қисми солиқ бўлиб қайтишини ҳам инобатга олиш керак.