Ана бўмасам
Бунақаси фақат Ўзбекистонда бўлади. Олий таълим вазирлиги (ҳам университетларга эгалик қиладиган, ҳам лицензия берадиган шунақа ғаройиб вазирлик бор ҳалиям) бешта университетга бир нечта қўшимча йўналишлар бўйича берилган лицензияларни техник хатолик, деб эълон қилмоқда.
Вазирлик иддаосига кўра, 2025 йил 29 август куни соат 06:19 дан 09:53 гача https://license.gov.uz ахборот тизимида юзага келган техник носозлик сабабли, кўриб чиқиш муддати тугамаган аризалар бўйича айрим нодавлат олий таълим ташкилотларининг амалдаги лицензияларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги сўровларига тизим томонидан белгиланган талаб бузилган ҳолда ижобий хулосалар шакллантирилган.
Тасаввур қилинг, масалан Марказий банк ХХХ, УУУ, ZZZ банкларига лицензия берса-да, сайтига ёки лицензион порталга уларнинг лицензияси жойлангач, бу техник хатолик бўлган экан деб турса. Ким ишонади? Ишондиям дейлик, бундан кейин репутация нима бўлади? Дискредитация бўлган органнинг аввалги ва кейинги қарорлари ҳам шубҳа остида қоладими?
Қизиғи, Олий таълим вазирлиги фаолиятида лицензиялаш билан боғлиқ "техник хато эди" қабилидаги бунақа ўйинлар биринчиси эмас.
Қонунчилик бўйича, Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар ушбу ваколатли органлар томонидан лицензияланадиган фаолиятни амалга оширадиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ташкил этишга ёки уларнинг фаолиятида муассислар, акциядорлар ёхуд иштирокчилар сифатида иштирок этишга ҳақли эмас деб аниқ ёзиб қўйилган. Лекин Ўзбекистонда бўлаверади, қонунлардан истиснолар ва мустаснолар устун.