Рекорд даражада қимматлаётган олтин мактаб етишмовчилиги муаммосини ечмайди
Агар хоҳиш ва унга элтувчи манфаатлар яралмаса.
Бугун кун давомида олтин котировкалари апрелдаги рекордини янгилаб, унцияси 3 550 долларлик чегарани синаб кўрди. Турли прогнозларда Трамп, уруш ва янги қутбланишлар яратаётган ноаниқликлар фонида олтин энди навбатдаги — 4 000 долларлик маррага қараб ҳаракатланиши айтилмоқда.
Лекин йилига 100 тоннадан кўп олтин сотадиган Ўзбекистон учун, гарчи қимматлашаётган олтин йилига бир неча миллиард доллар қўшимча даромад келтирсада, тобора мураккаблашаётган ижтимоий муаммо - мактаб етишмовчилигини ечишга туртки бермаса керак.
Пробкани кейинги чорраҳага кўчирадиган кўприклар қуришга хоҳишлар етарли, чунки каррасига қимматлаштирилган кўприк чўнтакларни тўлдиради. Ҳар йилги триллионлар ажратиладиган фин-сомали дарсликларининг қандай каромати бор, номаълум, лекин қудратли манфаатлар уни амалга оширишда давом этмоқда. Миллиард-миллиардлик пудратлар ва самарасиз энерголойиҳалар ўзини ҳеч қачон оқламаслиги аниқ, лекин уларни тўхтатиб бўлмайди. Чунки хоҳиш ва манфаатлар қовушган.
Мактаб масаласида ҳам шундай бўлмагунча, ҳеч нарса ўзгармайди. 2 йил аввал ваъда этилган “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни дастури” тирилиши ва амалда бошланиши учун хоҳиш ва манфаатлар пайдо бўлиши керак.
Унгача ўзбекнинг болалари 2- ва 3- сменали мактабларга, 45талаб ўқувчи селедкадек тиқилган синфларга қатнашда давом этаверади (бу синовни таълим деб атаб бўлмаслиги яна бошқа масала).
- https://t.me/the_bakiroo/6584@the_bakiroo