Сўмнинг реал самарали алмашув курси базавий даврга нисбатан яна мустаҳкамлана бошлаган
Марказий банк кечаги бошқарув йиғилишига оид очиқлаган презентацияга кўра, 2025 йил август ҳолатига сўмнинг реал самарали алмашув курси базавий давр 2019 йил сентябрга нисбатан 10,6%га мустаҳкамланган (2025 йил бошидаги максимумларга нисбатан 3,9%га қадрсизланган).
Графикдан реал самарали алмашув курсининг мартда бошланган пасайиш тренди июлдан кейин яна мустаҳкамланиш билан алмашганини кўриш мумкин.
Реал самарали курснинг кескин мустаҳкамланиши рўй берган чўққилардан кейин (2020 йил март, 2022 йил март ва 2023 йил август) сўм курсининг бир марталик тўғирланиши юз берган.