Пулхўрлар ўйлаб топган қоидалардан нафақат курьерлар, ўқитувчилар ҳам жазоланмоқда
Арзон ва имконли скутер ва мопедлар нафақат юзминглаб курьерлар учун тирикчилик воситаси, Марҳаматдан Шуманайгача чекка туманлардаги ўқитувчилар учун ҳам транспорт дастёрга айланганди. 1 октябрдан кучга кирган зараркунанда қоидалар туфайли энди мактабга қатнайдиган ўқитувчилар ҳам 2-3 ойлик маошини харажат қилишади ёки пиёдага айланишади.
Пулхўрлар ўз мақсадига етиш учун ўлимлар билан боғлиқ ахборот манипуляциясини ишлатишга ҳам боришаётгани ҳақида Газетанинг редакцион мақоласида аниқ саволлар қўйилмоқда:
"Ўша саволлардан биринчиси, наҳотки болалар ўлими бўйича статистикани очиқлашда шундай жонбозлик кўрсатиш имконсиз бўлса?
Иккинчиси эса скутер ва мопед сингари транспорт воситалари иштирокида 300 дан ортиқ ЙТҲнинг қанчасида бевосита скутер ва мопедни бошқараётган инсонлар айбдор бўлди? Жон бошига ҳисоблаганда йўлларда қайси транспорт воситаси кўпроқ хавф туғдиряпти? Бу ҳатарларнинг келиб чиқиш сабаблари қандай?
Мопед ва скутерлар билан боғлиқ ЙТҲлар куннинг қайси пайтида, қайси кўчаларда, қандай шароитларда юзага келмоқда? Биргина рақамнинг қуруқ ўзи билан ҳеч қандай хулосага бориб бўлмайди-ку ахир?
Кейинги савол: бутун дунёда автоҳалокатларнинг олдини олиш учун инфратузилма билан боғлиқ ечимлар асосий планда турган бир вақтда, нима учун Ўзбекистонда расмийлар барчани жон-жаҳди билан имтихон топшириб, гувоҳнома олишга мажбурламоқда?
Яна бир масала: скутер ва мопед учун чиқариладиган давлат рақамларининг таннархи қандай?"