Аномал юқори босимли ноёб газ кони газ қазиб олишнинг юқори тезликда пасайишини тўхтата олмаган
Октябрда 3,3 млрд.куб. газ қазиб олинган. Ўтган йилнинг октябрига нисбатан газ қазиб олиш 300 млн.кубга қисқарган. Йил бошидан буён қисқариш 1,8 млрд.кубга етган. Қулаш тезлиги давом этса, 2025 йилда 42 млрд.куб атрофида газ қазиб олинади (ўтган 2024 йилдагидан 2,5 млрд.куб кам).
Эътиборлиси, газ қазиб олиш қисқаришининг тезлашгани Устюртда аномал юқори босимли газ кони топилгани ҳақидаги рапорт фонида кечмоқда (ҳар гал вазият барқарорлашиш ўрнига янада оғирлашганда шу каби пиар сиздиргилар чиқарилиши биринчи марта эмас, 2023 йилдаги кризисли қишдан чиққач, вазир Мирзамаҳмудов 2023 йилнинг иккинчи ярмида газ қазиб олиш билан боғлиқ динамикада ўзгариш рўй бериши ҳақида гапирганди, лекин ўшандаям ҳеч қандай мўъжиза рўй бермаган, қайтанга қазиб олишнинг қулаши тезлашган).
Ой бошида Ўзбекнефтегаз раиси аномал ноёб кон ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, икки ой ичида битта қудуққа қарийб 45 миллиард сўм харажат қилиниб, 100 миллион куб метр газ қазиб олингани, ушбу даврда тушум қарийб 60 миллиард сўмни ташкил этганини айтганди (Ўзбекнефтегаз газнинг кубасини UzGasTrade'га 600 сўмдан сотади).
Газдан ташқари ресурс ва ёқилғилар бўйича ҳам қулаш давом этган.
Нефть қазиб олиш 57,2 минг тонгагача (-0,8 минг тонна), газ конденсати 84,2 минг тоннагача (-7,7 минг тонна), бензин ишлаб чиқариш 90 минг тоннагача (-5,2 минг тонна) қисқарган. Октябрда узоқ вақтдан буён биринчи марта ҳатто кўмир қазиб олиш ҳам 100 минг тоннага, 900 минг тоннагача камайган.
Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиши сақланмоқда. Октябрда 6 692,6 млн.кВт.соат электр энергияси генерация қилинган (+ 243,7 млн.кВт.соат)