Хорижий валютада облигациялар чиқаришга рухсат берилади
Келгуси йилда Ўзбекистон молия секторини Базель қўмитасининг Самарали банк назорати бўйича 29 та асосий тамойилига тўлиқ мослаштириш мўлжалланмоқда. Бу мақсадда барча тижорат банкларида молиявий ҳисоботларни тўлиқ халқаро стандартлар асосида юритиш, Базель III стандартларини жорий қилиш, Ҳукумат ва Марказий банк иштирокида Молиявий барқарорлик кенгашини ташкил этиш вазифалари белгиланган.
Капитал бозорида ҳам ўзгаришлар давом этади — маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида халқаро стандартлар асосида қимматли қоғозларни жойлаштириш – “дуал листинг” амалиётига рухсат бериш, шунингдек, валюта облигациялари, глобал депозитар тилхатлар, хорижий қимматли қоғозлар ҳамда биржа инвестиция фондлари каби янги молиявий инструментларни жорий этиш режалаштирилган.
“Тартибга солиш қумдони” доирасида чет эл компанияларининг акциялари, облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлар билан савдо қилишга рухсат бериш таклиф қилинган.
Маҳаллий компания ва банкларга Тошкент фонд биржасида хорижий валютада облигациялар чиқаришга рухсат бериш орқали ташқи бозорга чиқмасдан туриб валюта маблағларини жалб қилиш имкониятлари яратилиши қайд этилган.
Шунингдек, эмитентларга ўз капитали ҳажмидан ортиқ, таъминотсиз облигациялар чиқариш имкониятини яратиш орқали облигациялар бозорини кенгайтириш мумкинлиги таъкидланган.
- https://president.uz/uz/lists/view/8784president.uz