“Декларациялаш қонуни” Санта-Барбара сериалини ортда қолдирадими?
Ўтган асрнинг машҳур “Санта-Барбара” сериали 2 137 сериядан иборат бўлган ва 8 йил, 5 ой ва 15 кун давомида намойиш этилган. Яқин-яқинларгача атайин ва сунъий чўзиладиган ва янги-янги сюжет ва баҳоналар билан кульминация ёки ечим кейинга қолдириладиган жараёнга “Санта-Барбара” дея тамға қўйиларди.
Яна бир ой ўтса, Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишга уриниш бошланган ва турли важ-корсон ва баҳоналар билан чўзилаётганига 8,5 йилдан ошади ва жараён “Санта-Барбара” сериали давомийлигини ҳам ортда қолдиради.
Сериалнинг янги қисмида Адлия вазирлиги Антикоррупцияга “коптокни қайтарди”:
“Амалдорлар даромадини декларациялаш қонунини муҳокамага қўйиш Адлия вазирлигига боғлиқ эмаслиги айтилди”.
Янги мавсум учун навбатдаги сценарий илгари сурилди:
“Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров жисмоний шахслар даромадларини декларациялаш тартиби Солиқ кодексида аллақачон борлигини айтиб, давлат хизматчилари борасида алоҳида қонунга зарурат бор-йўқлигини савол остига олди”.