“Коррупция ва картель келишувлари барҳам топмаяпти, шунчаки янги шаклларга кўчяпти”
Газета давлат харидларида тобора авж олаётган рақобатсиз ва тўғридан-тўғри битимлар, қонундаги лазейкалар ва кенг коридорлар тўғрисида Хусаин Раджабовнинг мақоласини келтирмоқда.
Муаллифга кўра, ҳукумат қарорлари билан вазирликлар, идоралар ёки давлат иштирокидаги йирик корхоналарга тендер ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилаётган ҳолатлар тобора кўпроқ учрамоқда. Ҳукумат қарорларининг айримлари ёпиқ тарзда қабул қилиниши ва жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаслиги эса вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Ҳатто йирик рақобатсиз давлат харидлари амалиётини камайтиришга қаратилган чекловлар ҳам ёпиқ қарорлар билан чиқариб ташланган.
Бундан ташқари ҳукумат қарорлари асосида тузилган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича Комплекс экспертиза тизими мустақил ва нейтрал эмас, яъни буюртма ҳам, рухсат ҳам, экспертиза ҳам бир тизим ичида.
Муаллиф тўғридан-тўғри шартнома тузиш асосларини қайта кўриб чиқиш ва қисқартириш, Ҳукумат қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартномаларни тузиш учун аниқ мезонлар ишлаб чиқиш, суммавий чекловларни қонун даражасида жорий этиш ва уларни четлаб ўтиш имкониятини қолдирмаслик ва бошқа амалий таклифларни илгари сурган.
Лекин деярли 30 млрд.долларлик давлат харидларида улкан ва очофат манфаатларни тийишга таклифларнинг ўзи кифоя бўлармикан, агар парламент овозсиз ва ижро органи дастёри бўлса, антимонополия ва антикоррупция тизими қўл-оёғи боғлиқ қолда қолаверса?