18K92Telegramda ochish
Қонуности ҳужжатлари юки остидаги Ўзбекистонга регуляторлик ислоҳоти керак! Гарвард университетининг катта ўқитувчи-ассистенти Беҳзоджон Алихонов тартибга солиш тизимининг тўлақонли ислоҳоти нима учун зарурлиги ҳақида Газетада катта мақола эълон қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2014 йилда 346 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 1274 тага етган, яъни деярли 3,7 баравар кўпайган. Шундан 1180 таси ёки қарийб 93 фоизи қонуности ҳужжатлари ҳиссасига тўғри келади. 2026 йил март ойига келиб, фойдаланиш чекланган ҳужжатлар, махфий ҳужжатлар ва ҳокимликлар қарорларини ҳисобга олмаганда, амалдаги ҳужжатлар мажмуи 15 232 тани ташкил этган. Муаллиф ортиқча ва беқарор тартибга солишнинг оқибатларига алоҳида тўхталади, бунда бизнес ва иқтисодиётга етказилаётган жароҳатларга эътибор қаратмаслик мумкин эмас. "Катта ҳажмдаги ва тез-тез янгиланиб турадиган талаблар мажмуи амалда бизнес учун қўшимча «юридик солиқ»ни юзага келтиради. Компаниялар нафақат юклатилган мажбуриятларни бажаришга, балки амалдаги меъёрни излаш, қарама-қаршиликларни солиштириш, жараёнларга мослашиш, ҳисоботлар тайёрлаш, рухсатномалар олиш ва назорат қилувчи органлар билан доимий мулоқотда бўлиш учун ҳам ресурс сарфлайди... Бу, айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун жуда оғриқли кечади: уларда юристлар, бухгалтерлар ва маслаҳатчилар учун қатъий белгиланган харажатлар йирик компанияларга нисбатан анча катта улушни ташкил этади. Натижада бизнеснинг бир қисми «яширин» фаолиятга ўтишга мажбур бўлади, чунки мақбул харажатлар эвазига барча талабларга бир вақтнинг ўзида риоя қилиш қийинлашади". "Инвестор учун нафақат солиқ имтиёзлари, ресурслар ёки ишчи кучи нархи, балки «ўйин қоидалари»нинг барқарорлиги ҳам муҳим. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тез-тез ўзгариб туриши риск-премия (таваккалчилик учун устама)ни оширади: узоқ муддатли лойиҳаларни ҳисоб-китоб қилиш қийинлашади, банклар ва инвесторлар эса қўшимча ҳуқуқий ва операцион харажатларни ҳисобга олишга мажбур бўлади. Энергетика, металлургия, транспорт, телекоммуникация каби капитал сиғими юқори тармоқлар учун барқарорлик — кўп ҳолларда алоҳида имтиёздан муҳимроқ". "Норматив-ҳуқуқий базанинг ҳаддан ортиқ мураккаблиги коррупцияга ҳам замин яратади. Айни пайтда қайси норма кучда эканига ишончи комил бўлмаган инспектор кўпинча энг талабчан нормаларни асос қилиб олади ёки керакли жойда «қоидабузарлик топиш» имкониятига эга бўлади". "Иқтисодий судларга тушаётган юклама ортиб бормоқда. 2017 йилда улар томонидан 347,4 мингта иш кўриб чиқилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 690,8 мингтага етди (2 баробар ўсиш), даъвогарлар фойдасига ундирилган маблағлар миқдори эса 27,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу нормалар иерархияси бузилаётганининг тўғридан-тўғри исботи эмас, бироқ иқтисодиёт ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти учун ҳуқуқий ноаниқликнинг бадали ортиб бораётганидан дарак берувчи муҳим сигналдир".

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin