Тезкор тўлов тизими қандай ишлайди?
Марказий банк Тезкор тўловлар тизими (ТТТ) орқали телефон рақами бўйича пул ўтказмалари тўғрисидаги қарор лойиҳасини муҳокамага қўйган.
Лойиҳага кўра, бир банк доирасида фақатгина битта (22616) банк ҳисобварағига телефон рақами боғланишига рухсат этилади.
Ҳисобварақни телефон рақамига боғлаш бўйича аризалар банкларнинг мобил иловалари орқали қабул қилинади. Хизматдан фақат терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини яратишда айбланаётган шахслар рўйхатига киритилмаган фуқаролар фойдалана олади.
ТТТ орқали пул ўтказмалари ҳам мобил илова орқали, ҳам банк офисида жўнатувчининг тўлов топшириқномаси асосида амалга оширилиши мумкин.
Ўтказмалар узлуксиз 24/7 режимида амалга оширилади.
2 ой аввал жисмоний шахслар ўртасида бир банк ҳисобидан бошқа банк ҳисобига тўғридан тўғри пул ўтказиш имконини берувчи хизмат ишга туширилгани хабар қилинганди. Лекин бу хизматни амалда ҳали биронта банк тақдим этгани йўқ.