Маъмуриятнинг вазифаси тақиқлаш эмас, стандартларга амал қилишни таъминлаш бўлиши керак
Шаҳар ҳокимининг қарори билан бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларида таом тайёрлаш мақсадида маиший суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш вазифаси қўйилмоқда. Чиновниклар тилидан халқ тилига кўчирсак, ошхона ва ресторанларда пропан (суюлтирилган газ) ишлатиш тақиқланмоқда.
Бизнесга нисбатан бундай репрессив қарор фақат ёнғинга қарши алоҳида режим билан боғлиқми ёки шимолга қарамлик туфайли тобора кучайиб бораётган ёқилғи дефицити ва нархларнинг осмонга сакраётгани ҳам сабабми, бир нарса дейиш қийин.
Лекин агар масала фақат ёнғин хавфсизлиги важига оид бўлса, унда тақиқлаш эмас, хавфсизлик техникаси ва стандартларини таъминлаш шаҳар маъмуриятининг вазифаси бўлиш керак. Солиқ тўловчилар ўзи шунинг учун солиқ тўлайди, тақиқлаш учун эмас.
Ёнғинга электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш ҳам сабаб бўлиши мумкин, унда светниям тақиқлаймизми? Савдо-саноат палатаси, бизнес-омбудсмандан сўралдими? Оқибатлари ҳисоб-китоб қилиндими?
Тақиқлаш каримов даврининг энг кенг ёйилган ва расво практикаси бўлган. Тақиқланарди, бўлди муаммо гўёки йўқ бўларди. Тақиқлаш (бу ўринда фавқулодда вазиятлар, энергоинспекция ва газчилар) ўзидан соқит қилиш, вазифасини бевосита бажариш ўрнига товонни халқнинг, бизнеснинг бўйнига юклаб қўйиш. Бунинг иқтисодиётга, бизнесга, ижтимоий ҳолатга таъсири умуман инобатга олинмасди. Шунга қайтаяпмизми яна?
Хўп, табиий газга уланмаган ошхона ва ресторанлар энди нима қилиши керак? Ўтин ёқсинми? Унда суперэкологлар бостириб келади дарров. Айтинглар?! Ё дўконни ёпиб шимолга, мардикорчиликка кетишни тавсия қиласизларми?